«Гўрўғли» – туркий халқлар тақдирномаси
Республика Маънавият ва маърифат марказида «Ўзлик» маърифий лойиҳаси доирасида навбатдаги адабий-бадиий тадбир ўтказилди. «Гўрўғли» – туркий халқлар тақдирномаси» деб номланган ушбу тадбирда бахшичилик ва достончилик санъатининг ўзига хос хусусиятлари, унинг тарихий илдизлари ҳамда бугунги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Айтиш жоизки, мазкур лойиҳа тил, тарих, адабиёт, фольклор ва бошқа йўналишларнинг энг муҳим ҳамда қизиқарли жиҳатларини кенг жамоатчиликка содда ва замонавий шаклларда етказишга қаратилгани билан аҳамиятли. Фольклоршунос олимлар, бахшилар, маънавият тарғиботчилари ва адабиётшунослар иштирокидаги тадбирда миллий маънавий меросимизнинг бебаҳо намуналарига оид қимматли маълумотлар тақдим этилди.
– Бахшилар достонларни бадиҳа йўли билан ижро этади, – дейди Ўзбекистон халқ бахшиси Қаҳҳор бахши Раҳимов. – Улар инсоннинг ички кечинмаларини, қалбидаги туйғуларини ҳис этиб, шу заҳотиёқ бадиий сўзга айлантиради. Бу жараёнда бахшининг хотираси, ижодий маҳорати ва илҳоми муҳим аҳамият касб этади. Мана шу бадиҳа йўлидир. Бахшилар айнан шу санъат орқали ўз маҳоратини намоён этиб, эл орасида шуҳрат қозонганлар.

Дарҳақиқат, бадиҳа йўли, аввало, ички овоз, ижодий илҳом ва ижрочининг маҳоратига таянади. Бир жойда айтилган достон ёки бадиий парча бошқа бир жойда ижро этилганда, муайян жиҳатлари билан фарқ қилиши мумкин. Чунки бахши ҳар бир янги даврада ўз ижросига ўзига хос руҳ, мазмун ва оҳанг бағишлайди. Шу тариқа, бадиҳа жараёнида асарнинг айрим бадиий жиҳатлари янгиланиб, бойиб боради. Бу жараёнда таъсирчан ижролар, гўзал бадиий ифодалар ва бетакрор тақдимотлар юзага келади. Буларнинг барчаси бахшичилик санъатининг ўзига хос хусусиятларидан ҳисобланади.
Маълумки, «Гўрўғли» эпоси ўзбек халқ оғзаки ижодининг йирик намуналаридан бири бўлиб, Марказий Осиё, Кавказ ва Яқин Шарқ халқлари орасида кенг тарқалган. Ушбу эпик туркумда Гўрўғлининг ҳаёти, саргузаштлари, оиласи, сафдошлари ва авлодлари билан боғлиқ воқеалар ҳикоя қилинади. Эпос ўзбек, туркман, озарбайжон, қозоқ, қорақалпоқ, турк ва бошқа халқлар фольклорида турли версия ва вариантларда учрайди. Уларнинг мазмуни, қаҳрамонлари ва воқеалар ривожида ўзига хос фарқлар мавжуд. Илмий адабиётларда эпоснинг Шарқий ва Ғарбий тармоқлари алоҳида ажратилади.
Ўзбек «Гўрўғли» туркуми кўплаб мустақил достонлардан ташкил топган. Халқ орасида у «Қирқ достон» номи билан ҳам машҳур. Бироқ, фольклоршуносликда туркумга мансуб достонлар сони қирқта билан чекланмаслиги, уларнинг юздан ортиқ намуналари мавжудлиги ҳақида ҳам маълумотлар келтирилади. Туркум таркибида «Гўрўғлининг туғилиши», «Гўрўғлининг болалиги», «Зайдиной», «Юнус пари», «Мисқол пари», «Малла савдогар» ва бошқа достонлар ўрин олган.
Тадбирда таниқли фольклоршунос олим Шомирза Турдимов ҳамда журналист Фаррух Жабборов миллий достончилик санъатини бугунги авлодга замонавий медиа воситалари орқали қизиқарли ва таъсирчан тарзда етказиш, халқ оғзаки ижоди намуналарини кенг тарғиб қилиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Дарҳақиқат, “Гўрўғли” достони асрлар оша бир-бирига руҳан, маънавий ва тақдир билан боғланган туркий халқларнинг умумий тақдирномасидир. Унда аждодларимизнинг орзу-умидлари, дарду армонлари, эрк ва адолат йўлидаги курашлари, мардлик ва вафо, инсонийлик, меҳр-оқибат, орият ва диёнат ҳақидаги қарашлари мужассам. Унинг ҳар бир сўзида халқ хотираси, ҳар бир куйида аждодлар овози, ҳар бир қаҳрамонида эса туркий халқларнинг ўлмас руҳи яшайди. “Гўрўғли” асрлар қаърига саёҳат қилишга имкон берувчи, тарихимизни эслатувчи, бугунги ўзлигимизни англатувчи ва келажак авлодларга маънавий мерос бўлиб қолувчи буюк халқ достони.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири