Ғолибликни Гулистон давлат педагогика институти жамоаси қўлга киритди
Жиззахда ўтказилган “Амир Темур ворислари” ҳарбий-спорт мусобақасининг республика финал босқичида мамлакатнинг энг кучли талаба жамоалари ўзаро беллашиб, ғолиблар муносиб тақдирланди. Мусобақа ёшларда жасорат, матонат ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш маркази ташаббуси билан ташкил этилган мазкур ҳарбий-спорт мусобақасининг республика финал босқичи Жиззах давлат педагогика университетида юқори савияда ўтказилди.
Мазкур нуфузли мусобақада мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги 15 та олий таълим муассасасидан сараланган энг кучли жамоалар иштирок этиб, ғолиблик учун кескин ва муросасиз кураш олиб борди. Беллашувлар ёшларнинг жисмоний тайёргарлиги, иродаси ва ҳарбий-амалий кўникмаларини намоён этиш имконини берди.
Мусобақа низомига мувофиқ иштирокчилар 100 метрга югуриш, жойидан туриб узунликка сакраш, турникда тортилиш ҳамда граната улоқтириш каби ҳарбий-спорт йўналишлари бўйича ўз маҳоратларини синовдан ўтказди. Ҳар бир шарт ҳакамлар ҳайъати томонидан холис ва шаффоф баҳоланиб, натижалар аниқ мезонлар асосида чиқарилди.
Тантанали тақдирлаш маросимида Талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш маркази директори Абдумалик Акрамов, Жиззах давлат педагогика университети ректори Мақсуджон Йўлдошев ҳамда бошқа мутасаддилар иштирок этишди. Сўзга чиққанлар мазкур мусобақанинг ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг жисмоний чиниқиши, маънавий баркамоллиги ва фуқаролик масъулиятини оширишдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлашди.
Якуний натижаларга кўра, биринчи ўринни Гулистон давлат педагогика институти жамоаси қўлга киритди. Андижон давлат университети талабалари иккинчи ўринга муносиб топилган бўлса, Бухоро давлат университети жамоаси учинчи поғонани эгаллади.
Ғолиб ва совриндорларга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг I, II ва III даражали дипломлари ҳамда ноутбук, планшет ва смарт телевизор каби қимматбаҳо совғалар топширилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири