Ғолиблар республика босқичига йўлланма олди
Андижонда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги енгил атлетика мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Андижон Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ўтказилган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги енгил атлетика бўйича вилоят босқичи мусобақалари қизиқарли ва муросасиз баҳсларга бой бўлди.
Мусобақаларда вилоятнинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16–21, 22–26 ҳамда 27–30 ёш тоифаларида қизлар ва ўғил болалар жамоалари иштирок этди.


Мусобақаларда ўғил болалар 100, 200 ва 400 метр масофаларга югуриш, узунликка сакраш, қизлар эса 60, 100 ва 200 метр масофаларга югуриш ҳамда узунликка сакраш бўйича ўз имкониятларини синовдан ўтказди.
Якунда энг юқори натижаларга эришган иштирокчилар ғолиб деб топилиб, мусобақанинг республика босқичига йўлланма олди.


Барча ёш тоифалари бўйича ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, тегишли медаль ҳамда Спорт вазирлигининг спорт кийимлари жамланмаси билан тақдирланди.


Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари