Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида “Йил аёли” миллий танловининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди. Тадбирда меҳнатсевар ва фидойи хотин-қизлар, жамоатчилик ҳамда давлат ташкилотларининг вакиллари иштирок этишди.
Мазкур танлов мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, оила ҳамда иш жойидаги ибратли фаолиятини рағбатлантириш, шунингдек, илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган муҳим ташаббус ҳисобланади.
Тадбирни шаҳар ҳокимининг ўринбосари Дилдорахон Умарова кириш сўзи билан очди. У ўз чиқишида мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий ва ижтимоий фаоллигини ошириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида гапирди.

– Аёл — жамиятнинг юраги, – деди у. – У қайси соҳада фаолият юритмасин, меҳри, ибоси ва масъулияти билан атрофдагиларга куч-ғайрат бағишлайди.
Танловда шаҳарнинг турли соҳаларида самарали меҳнат қилаётган 11 нафар хотин-қиз иштирок этди. Улар ўз иш фаолиятларидаги ютуқлари, янгича ғоя ва ташаббуслари ҳақида ҳакамлар ҳайъатига сўзлаб беришди.

Ҳакамлар хулосасига кўра “Йилнинг энг ватанпарвар аёли” — ФХДЁ бўлими мудираси Насиба Тиркашева, “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли” — Сирдарё ИЭС филиали электромонтёри Мунаввар Холназарова, “Йилнинг энг янги ғоялар ташаббускори” — 3-умумий ўрта таълим мактабинингбошланғич синф ўқитувчиси Сайёра Бердиёрова, “Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси” — ихтисослашган мактаб кутубхона мудираси Фазилат Жумаева, “Йилнинг энг ижодкор аёли” — 1-умумий ўрта таълим мактабининг мусиқа ўқитувчиси Шаҳноза Сатторқулова, “Йилнинг энг жонкуяр устози” — энергетика техникуми ўқитувчиси Гулмира Шукурова, “Йилнинг энг яхши уй бекаси” эса Фарҳод маҳалласи вакили Саломат Умарова деб топилди.

Ғолиблар шаҳар ҳокимлиги номидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Улар танловнинг вилоят босқичида ҳам иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.

Тадбир давомида иштирокчиларнинг меҳнатга садоқати, ижодкорлиги ва жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссаси юқори баҳоланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири