Ғолиб ва совриндорлар тақдирланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида волейбол бўйича Ўзбекистон кубоги баҳслари якунланди.
Бир неча кун давом этган мусобақада ҳудудлардан ташриф буюрган ёш волейболчилар ғолиблик учун қизғин ва муросасиз кураш олиб борди. Беллашувларда иштирокчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, техник маҳорати ва жамоавий ҳаракатлари намоён бўлди.
Қизлар ўртасидаги баҳсларда Фарғона вилояти жамоаси барча рақибларидан устун келиб, Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлди. Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси иккинчи, Тошкент вилояти вакиллари эса учинчи ўринни эгаллади.
[gallery-30957]
Ўғил болалар ўртасидаги беллашувларда ҳам фарғоналик ёш волейболчилар юқори натижа қайд этиб, биринчи ўринни қўлга киритди. Андижон вилояти жамоаси иккинчи, Навоий вилояти ёш волейболчилари учинчи ўринга сазовор бўлди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор жамоаларга диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Ёш волейболчиларнинг ушбу мусобақадаги иштироки уларнинг спорт маҳоратини ошириш, мусобақа тажрибасини бойитиш ва келгусида миллий терма жамоалар сафини муносиб тўлдириши учун муҳим қадам бўлди.
Муҳаммад АМИН (сурат). ЎзА