Ғолиб ўқитувчилар 577 миллион сўм мукофот оладиган танлов бошланди
Самарқанд вилояти педагогик маҳорат марказида “Йил ўқитувчиси” кўрик-танловининг учинчи босқичи бошланди.
Танловнинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари иштирок этиб, иштирокчиларга муваффақият тилади. Шунингдек, танлов синовларини ўтказиш тартиби, баҳолаш мезонлари ҳамда танлов жараёнининг асосий талаблари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида қуръа ташлаш жараёни ўтказилиб, ҳар бир педагогнинг танлов синовларида иштирок этиш кетма-кетлиги аниқланди.

Жорий йилнинг 28-30 июль кунлари бўлиб ўтадиган мазкур босқичда республиканинг 208 та туман ва шаҳридан сараланган 416 нафар педагог ўзининг касбий маҳорати, чуқур билими ҳамда инновацион ёндашувларини намоён этади. Жумладан, Самарқанд вилоятидан 32 нафар педагог иштирок этмоқда. Улар таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, замонавий педагогик технологияларни амалиётга кенг жорий этиш ҳамда ўз касбий салоҳиятини намоён этиш йўлида ўзаро беллашади.

Танлов якунларига кўра, Самарқанд вилоятининг ҳар бир туман (шаҳар)идан 1 нафардан, жами 16 нафар, республика бўйича эса 208 нафар педагог ғолиб аниқланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, ҳар бир ғолиб базавий ҳисоблаш миқдорининг 1400 баравари миқдорида, яъни 576 миллион 800 минг сўм пул мукофоти билан тақдирланади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири