Андижонда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Жорий йил мамлакатимизда биринчи бор ўтказилаётган мазкур танловда вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги барча таълим муассасалари ўқувчиларидан тузилган жамоалар иштирок этди. Танловнинг туман ва шаҳар босқичларида 16 та мактаб жамоаси ғолиб бўлди. Улар вилоят босқичида тўртта йўналиш, яъни ўқиш, тинглаб тушуниш, лексик грамматик билимлар ва ёзиш шартлари асосида билим ва маҳоратини намойиш этди.
– Умумтаълим мактабларида хорижий тилларни ўқитиш сифати ва самарадорлигини ошириш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда мазкур танлов шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов. – Шу боис ҳам илк бор ўтказилаётган танловда вилоятдаги барча мактаблар жамоалари фаол иштирок этди.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, биринчи ўринни Олтинкўл туманидаги 28-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати жамоаси қўлга киритиб, тегишли диплом ва 250 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Иккинчи ўринни Булоқбоши тумани 43-ИДУМИ, учинчи ўринни Балиқчи туманидаги 38-ДИМИ жамоалари эгаллади. Ушбу мактаблар жамоалари ҳам диплом ҳамда 200, 150 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланди. Умумтаълим мактабларида хорижий тилларни ўқитиш сифати ва самарадорлигини ошириш, қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришда мазкур танлов муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-6772]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА