Муносабат

Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқини ватандошларимиз ҳаяжон билан тинглади. Унда давлатимиз раҳбари томонидан қайд этилган глобал муаммолар, уларнинг таҳлили ва изоҳланган ечимлари шубҳасиз диққатга сазовордир.
Президентимиз ўз маърузасида глобал масала бўлиб келаётган 11 та устувор вазифани таъкидлаган ҳолда, ечим ва таклифлар билан асослаб берди. Бу эса Янги Ўзбекистон ташқи сиёсат оламида тинчликсевар ва инсонпарвар давлат эканлигини, бу мамлакатда инсон қадри ҳар нарсадан улуғ эканлигини яна бир бор намоён этди.
Ўзбекистон “БМТ-80” ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш тарафдори эканлигини билдирди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар негизида инсон қадри ва фаровонлигини ошириш, ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш мақсад қилиб қўйилганлиги ҳам бежиз эмас. Буларни таҳлил қиладиган бўлсак, сўнгги йилларда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизга қисқарганлиги, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар натижадорлигидан далолатдир.
Шунингдек, таълим ва илм-фан соҳасида олиб борилаётган изланишлар ва ўзгаришлар ҳам сезиларли даражада натижа бераётгани ҳам қувонарлидир. Мамлакатимизда мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизгача ошгани, ёшларимизнинг олий таълим билан қамрови эса 9 фоиздан 42 фоизгача етгани хайрли мақсадларнинг натижасини намоён қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини Ўзбекистонда ўтказиш” таклифидан кўзланган мақсад педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашишлари учун ягона халқаро платформани яратишдир. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистонда илм-фанни янада ривожлантириш ҳамда педагогларимизнинг касбий салоҳияти, маҳоратини оширишга ва ўзбек педагогикасининг халқаро майдонда ўз ўрнига эга бўлиши учун асос сифатида хизмат қилади.
Мамлакатимизда болалар саломатлигини ҳимоя қилиш, уларнинг соғлом ва баркамол униб-ўсиб, ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаши учун барча шарт-шароитларни яратиш масаласи ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош қароргоҳида “Болалар саратони ва оғир касалликларга қарши халқаро анжуман”нинг ўтказилиши ҳам соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, дунё миқёсида саратон касаллиги ва оғир касалликларга қарши курашиш ҳамда олдини олиш бўйича амалий қадамдир.
Муҳим йўналишларимиздан яна бири бўлган гендер сиёсати тўғрисида таклифлар берилганлиги ҳам аҳамиятлидир.
Осиё мамлакатлари Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришиш, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги роли ва таъсирини ошириш борасида салмоқли ютуқларга эришмоқда.
Бу борада Ўзбекистонда ҳам аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари янги таҳрирдаги Конституциямиз, “Ўзбекистон-2030” тараққиёт стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш Стратегияси каби концептуал ҳужжатларда ўз ифодасини топган.
Тизимли ислоҳотлар сабабли хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашининг олди олинмоқда, улар орасида ишсизлик даражаси камайди, аёллар тадбиркорлиги оширилиб, камбағаллик қисқартирилди.
Аёлларнинг бошқарув соҳаларидаги улуши 35 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 37 фоизга, сиёсий партияларда 49 фоизга, олий таълимда 50 фоизга етганлиги ҳам фикримизнинг яққол далилидир.
Осиё хотин-қизлари форумининг айнан Ўзбекистонда ўтказилиб борилиши ҳам бежиз эмас.
Мазкур халқаро анжуман хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий гуманитар соҳалардаги фаоллигини янада оширишга, ўзаро тажриба алмашиш ва дўстона ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаб, Ўзбекистон нуфузини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшади.
Давлатимиз раҳбарининг нутқи инсонпарварлик тамойилларига асосланганлигининг яна бир жиҳати шундаки, дунё ёшларининг қалбига ва онгига тинчлик, гуманизм ва дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат каби олижаноб ғояларни сингдирилиши долзарб муаммо ва вазифа сифатида таъкидланди.
Бу борада “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифи илгари сурилганлиги ҳар биримиз учун фахр ва ифтихор туйғусини уйғотиши билан бир қаторда, масъулият ҳиссини ҳам орттиради.
Пардахол Норқобилова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси.
ЎзА