Шу кунларда Нигериянинг Абужа шаҳрида “Глобал медиа саводхонлик ҳафталиги” давом этяпти.
Ёлғон ахборот ва сохта тарғиботга алданиб қолмасликнинг қандай йўллари бор? Бунинг учун бутун умр ёлғон ва тўғри маълумотнинг фарқига боришни ўрганиш тақозо этилади. Бугунги глобал ахборотлашув ва рақамли технология даврида эса айни кўникманинг аҳамияти беқиёс.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ёлғон ахборотга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда, дейилади ушбу нуфузли халқаро ташкилотнинг янгиликлар сайти хабарида. Бинобарин, БМТ яқин шериклари билан ҳамкорликда 2020 йил май ойидаёқ ижтимоий тармоқда «Текширилган!» (Verified) глобал кампаниясини ишга туширган.
Бундан кўзланган мақсад – инсонлар фақат ишончли ахборотдан фойдаланишига имконият яратишдир. Мазкур кампания ташкилотчилари ва иштирокчилари энг оммабоп онлайн-платформалар фойдаланувчиларига мурожаат қилиб, улардан интернетда кўзлари тушган ахборотни бошқалар билан баҳам кўришга шошилмаслик, аввал бу маълумот тўғри-нотўғрилиги ҳақида ўйлаб кўришни сўраган.
Жорий йилги “Глобал медиа саводхонлик ҳафталиги” ахборотнинг тўғри ва ишончлилигини таъминлаш масаласига бағишланди. БМТ Сўз эркинлиги бўйича махсус маърузачисининг фикрича, уйдирма ва ёлғон ахборотни аниқлашга фақат медиа саводхонликни ошириш ҳамда ахборот тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш йўли билангина эришиш мумкин.
Хусусан, “агар кишиларни рақамли маконда тарқатилаётган ёлғон ва тўғри ахборот ўртасидаги фарқни аниқлашга ўргата олсак, муаммо ижобий ечим топади. Худди шу жараён Финландияда аллақачон бошланган бўлиб, бу ерда болаларни бошланғич синфданоқ медиа саводхонликка ўргатишмоқда”, дейди БМТ махсус маърузачиси.
Таъкидлаш жоиз, мазкур анъанавий ҳафталик манфаатдор томонларга глобал медиа ва ахборот саводхонлигига эришиш борасида қандай натижалар қўлга киритилаётганини таҳлил қилиш, илғор, намунали ютуқларни алоҳида қайд этиш имконини беради.
Шунинг учун ЮНЕСКО ҳамда тузилманинг Медиа ва ахборот саводхонлиги бўйича альянси аъзолари барча ҳамкорларни “Глобал медиа саводхонлик ҳафталиги”ни дунё миқёсида ўтказиш бўйича ҳамжиҳатликка чорлайди. Барча мамлакатларда айни мавзуга доир турли онлайн ва офлайн тадбирлар уюштириш тавсия этилади.
Афсуски, бугунги кунда ер юзида инсонлар, халқлар, давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч сусайиб бормоқда. Ана шундай мураккаб шароитда халқаро ҳамжамиятнинг барча учун глобал медиа ва ахборот саводхонлигига эришиш йўлидаги қатъияти ҳамда ушбу мақсадга йўналтирилган жорий саъй-ҳаракатлари етарли эмас. Бунинг учун дунё аҳли ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш бўйича янги ташаббуслар билан чиқиш ҳам талаб этилади.
Шу маънода навбатдаги анжуман энг аввало инсонлар, қолаверса, оммавий ахборот воситалари, рақамли платформалар, ҳукуматлар, хусусий сектор ва ноҳукумат ташкилотлар ўртасида ўзаро ишонч ҳамда бирдамликни мустаҳкамлашга қаратилгани бежиз эмас.
Ҳафталик дастурига мувофиқ ўтказилаётган тадбирларда йил давомида медиа ва ахборот саводхонлиги соҳасида эришилган ютуқлар сарҳисоб қилинмоқда. Ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, ҳар қандай ишончсизликка барҳам беришга хизмат қиладиган истиқболли режалар муҳокама этилмоқда.
ЮНЕСКО шафелигида бўлиб ўтаётган мазкур халқаро анжуман 31 октябргача давом этади.
Ғулом МИРЗО, ЎзА