“Global HackAtom”: Ғолиб жамоалар аниқланди
Тошкент шаҳридаги “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университети филиалида “Global HackAtom” халқаро талабалар чемпионатининг миллий босқичи якунларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ва Россиядан атом соҳасига масъул мутасаддилар, мутахассислар ҳамда талабалар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар талабаларнинг билим ва салоҳиятини ошириш, шунингдек, уларнинг халқаро танлов ва мусобақаларда фаол иштирок этишида “Global HackAtom” каби чемпионатларнинг муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Жорий йилги мусобақада жами 20 та жамоа иштирок этди. Талабларга кўра, иштирокчилар атом энергетикасини ривожлантириш ва у билан боғлиқ ишлаб чиқариш йўналишлари учун амалий ечимларни тақдим этди. Шу билан бирга, анъанавий йўналишлар - иссиқлик таъминоти, изотоплар ишлаб чиқариш ва водород энергетикаси билан бир қаторда, жамоалар ноанъанавий ёндашувларни ҳам таклиф қилди. Жумладан, фармацевтика саноати, минерал ресурсларни қазиб олиш, авиация ёқилғиси ишлаб чиқариш ҳамда атом энергетикаси атрофида янги технологик занжирларни шакллантиришга қаратилган лойиҳалар алоҳида эътиборга сазовор бўлди.
Нижний Новгород давлат техника университетининг “Ядро реакторлари ва энергетик қурилмалар” кафедраси мудири, профессор Вячеслав Андреев тақдим этилган ишларнинг амалий аҳамияти юқори эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, 20 та жамоа лойиҳаси таҳлил қилиниб, атом электр станцияси (АЭС) лойиҳасини янада самарали қилиш учун қандай йўналишларни ривожлантириш зарурлиги бўйича аниқ тасаввур шаклланган.
– Жамоалар асосан анъанавий йўналишлар бўйича таклифлар берди. Шу билан бирга, олтин ажратиб олиш, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, минераллар қазиб олиш, водородни авиация ёқилғисига айлантириш, ядро ёқилғисини яратиш ҳамда “БРЕСТ-ОД-300” концепцияси асосида ядро ёқилғисини қайта ишлаш каби ноанъанавий ва жуда қизиқ лойиҳалар ҳам тақдим этилди, – деди профессор.

Мусобақанинг муҳим жиҳатларидан бири, унда бошқа ҳудудлардан келган талабалар ҳам фаол иштирок этганидир. Улар орасида Самарқанд давлат университети талабаси Алламурод Ҳакимов ҳам бор.
– Биз Самарқанд давлат университетининг сунъий интеллект ва рақамли технологиялар факультетида таҳсил оламиз. Бу хакатон биз учун бироз ғайриоддий бўлди, чунки аввал асосан стартаплар ва дастурлаш йўналишидаги лойиҳаларда қатнашганмиз. Бу сафар эса мавзу физика билан боғлиқ эди. Ҳозирги кунда сув муаммоси долзарб бўлгани учун шўр сувдан тоза сув олиш бўйича лойиҳа тайёрладик. Уни ишлаб чиқиш осон бўлмади. Шунга қарамасдан, умумий таассуротларимиз жуда яхши, – деди у.
Мусобақа якунларига кўра, Тошкент шаҳридаги “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университети филиалининг “Synthesis” жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Ушбу жамоа жорий йил сентябрь ойида Екатеринбург шаҳрида ўтказиладиган “Global HackAtom”нинг финал босқичида иштирок этади. Шунингдек, иккинчи ўринга ҳам шу филиалнинг “EFIVS” жамоаси муносиб кўрилди.
Учинчи ўрин эса Тошкент шаҳридаги Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети филиалининг “PMCh” жамоасига насиб этди.
Тадбир якунида ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА