Глобал экологик масалалар Самарқандда муҳокама қилинади
Шу йилнинг 30 май – 6 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида экология соҳасидаги энг муҳим халқаро тадбирлардан бири – Глобал экологик фонднинг (ГЭФ) VIII Ассамблеяси ва унинг доирасида “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади.
2025 йилда АҚШнинг Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган Глобал экологик фонд кенгашининг 69-йиғилишида ташкилотнинг VIII Ассамблеяси ва ГЭФ Кенгашининг 71-йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинганди. Шунингдек, мазкур йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда минтақа учун муҳим бир қатор экологик ташаббуслар, хусусан, Орол денгизининг қуриб қолган тубида кенг кўламли ўрмонзорлаштириш кампанияси олиб борилаётганлиги, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт экилаётганлиги ва яшил ҳудудларни 30 фоизгача ошириш мақсад қилинаётганлиги, 2030-йилга бориб “яшил” энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилганлиги, қайта тикланувчи энергияга ва ноль чиқиндили транспортга ўтиш рағбатлантирилаётганлигини таъкидланганди.
Ўзбекистон 1995 йилда ГЭФга қўшилганидан буён турли миллий ва минтақавий грантлар орқали муҳим натижаларга эришиб келмоқда. Бу грантлар ноёб ландшафтларни асраш, озон қатламига зарар етказувчи моддаларни босқичма-босқич камайтириш, кам углеродли транспорт тизимларини ривожлантириш учун тезкор автобус йўлакларини жорий этиш ҳамда экологик муаммоларни ҳал этиш салоҳиятини оширишга хизмат қилди. Жумладан, Марказий Осиё трансчегаравий биохилма-хиллик лойиҳаси ва Орол денгизи ҳавзаси дастурлари орқали давлатлараро экологик бошқарув ва иқлим барқарорлиги мустаҳкамланди.

Мамлакатимиз ГЭФ кўмагида озиқ-овқат тизимлари, ер ресурслари ва экотизимларни тиклаш дастурларида иштирок этмоқда. Хусусан, Ўзбекистоннинг қимматли экотизимларни тиклаш ва экологик барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлари доирасида БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи билан ҳамкорликда “ГЭФ-8” доирасида “Ўзбекистонда қимматли ландшафтларни комплекс бошқариш ва тиклаш (EcоЛанд)” лойиҳаси ишга туширилмоқда. Лойиҳа фонд томонидан молиялаштирилиб, экотизимлар деградацияси ва биохилма-хилликнинг йўқолишига олиб келаётган сабабларни бартараф этишга қаратилади. Бунинг учун тўртта ўзаро боғлиқ таркибий қисм бирлаштирилади: ер ресурсларини барқарор бошқариш, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришини юмшатиш ва маҳаллий ҳамжамиятларнинг инклюзив иштироки.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ГЭФнинг VIII Ассамблеяси глобал экологик мақсадларга эришиш бўйича тезлаштирилган йўл харитасини белгилайди. Ассамблея марказида глобал экологик мақсадларга эришишни жадаллаштириш бўйича ечимлар ишлаб чиқиш масаласи туради. Самарқанддаги форум дастури доирасида иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига бардошлиликни ошириш, биохилма-хилликни сақлаш, ер деградацияси ва чўлланишга қарши кураш, сув ресурсларини бошқариш ҳамда атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш каби масалалар муҳокама қилинади. ГЭФнинг 2026-2030 йилларга мўлжалланган янги молиявий дастурига (ГЭФ-9) алоҳида эътибор қаратилиб, табиат, иқлим ва ифлосланишга қарши кураш масалаларини бирлаштирувчи комплекс ёндашувга асосланади.
Тадбирда 180 дан ортиқ давлатдан вазирлар ва соҳа масъуллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, бизнес, илмий жамоатчилик, фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Улар юқори даражадаги пленар йиғилишлар, вазирлар даражасидаги ва мавзули давра суҳбатлари, фуқаролик жамияти форумлари, лойиҳалар тақдимотларида иштирок этади.
Ассамблея доирасидаги “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмаси ҳам муҳим тадбирлардан бири бўлиб, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, инновацион экологик технологияларни жорий этиш ҳамда барқарор ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган. Тадбир ўтган йил Тошкент шаҳрида 7,5 минг маҳаллий ва хорижлик иштирокчилар, БМТ, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, GIZ каби халқаро ташкилотларни жамлаган “Eco Expo Central Asia 2025” халқаро кўргазмасининг мантиқий давоми бўлиб, бу гал 10 мингга яқин меҳмон қатнашиши кутилмоқда. Кўргазма доирасида экологик маҳсулот ва хизматларга бағишланган 60 дан зиёд павильон ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда “Business Congress Management” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган кўргазмада Глобал яшил ўсиш институти, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки каби етакчи халқаро ташкилотлар, нуфузли компаниялар ўз маҳсулот ва хизматлари билан иштирок этади.
Кўргазма учун мамлакатимиз ҳудудларининг иқлим ўзгаришига мослашиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган аниқ лойиҳа таклифлари ҳам тайёрланган ва улар халқаро донорлар ва инвесторлар эътиборига ҳавола этилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири