Ғиждувонда янги мактаб фойдаланишга топширилди
Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 29-умумтаълим мактаби ўқувчилари янги йил байрамини янги бинода кутиб оладиган бўлди.
Янги бинонинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев, туман ҳокими Мурод Умаров, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафаева ҳамда тегишли ташкилотлар мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Ташриф буюрганлар мактаб жамоаси ва маҳалла аҳлини қўшалоқ байрам билан табриклашди. Мамлакатимизда таълим соҳага берилаётган юксак эътибор ва яратилаётган имкониятлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтишди.
Инвестиция дастури доирасида қад ростлаган 420 ўринли икки қаватли замонавий бино ўқувчи-ёшлар учун байрамга муносиб туҳфа бўлди.

– Янги бинодан ўрин олган лаборатория хоналари, кутубхона, инглиз тили кабинетлари, информатика хонаси, кенг ва шинам синф хоналари ўқувчиларимизнинг янада чуқур билим олишлари учун зўр имконият бўлди, –дейди мактаб директори Нафиса Ҳамроева. – Эндиликда педагогик жамоамиз ҳам ана шу имкониятлардан унумли фойдаланиб, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш йўлида янгича шижоат билан фаолият олиб боришади.

Тантанада меҳмонлар томонидан ленталар қирқилди. Мактабнинг рамзий калити ўз эгалари топширилди. Меҳмонлар таълим муассасасининг янги биносида яратилган шароитлар билан танишишди.
Зариф Комилов, ЎзА