Ғиждувонда саноат тараққиётининг янги манзили
Ёшлар саноат зонасида янги ишлаб чиқариш қувватларига тамал тоши қўйилди.
Бугун ҳудуд тараққиётини рақамлар эмас, аввало, одамлар ҳаётидаги ўзгаришлар, ишлаб чиқариш корхоналари, янги иш ўринлари ва замонавий технологиялар белгилайди. Шу маънода, Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги Ёшлар саноат зонасида истиқболли инвестиция лойиҳаларига тамал тоши қўйилиши оддий қурилишнинг бошланиши эмас, балки туман саноати тараққиётида янги босқичнинг амалий ифодасидир.
Мазкур ташаббус давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатда тадбиркорлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш, ёшларни замонавий касбларга йўналтириш, янги иш ўринлари яратиш, ҳудудларнинг саноат салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган ислоҳотларининг жойлардаги амалий натижаларидан бири сифатида аҳамиятлидир.
Ёшлар саноат зонасида компьютер моноблоклари ва телевизорлар ишлаб чиқариш, жалюзи пардалар тайёрлаш, замонавий металл эритиш ҳамда унга ишлов бериш каби бир-биридан муҳим йўналишларда янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ишлари бошланди.
Бу лойиҳаларнинг ҳар бири муайян эҳтиёжга жавоб беради. Айниқса, рақамли технологиялар жадал ривожланаётган бугунги даврда компьютер техникаси ва телевизорларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш ички бозорни замонавий, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан таъминлаш имконини кенгайтиради.
Энг муҳими, бундай ишлаб чиқаришлар тайёр маҳсулот импортига бўлган эҳтиёжни камайтириш билан бирга, маҳаллийлаштириш жараёнини чуқурлаштиради. Яъни бу ерда гап фақат бир корхонанинг ишга тушиши ҳақида эмас. Гап маҳаллий хомашё, мутахассислар, хизмат кўрсатиш тармоқлари ва етказиб берувчиларни ягона иқтисодий занжирга бирлаштирадиган янги саноат муҳитини шакллантириш ҳақида бормоқда.
Зонада йўлга қўйилаётган металл эритиш ва унга ишлов бериш лойиҳалари эса саноат кооперацияси нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга.
Чунки замонавий саноатни хомашёни шунчаки сотиш эмас, балки унга қўшимча қиймат қўшиш белгилайди. Металлни қайта ишлаш орқали қурилиш, машинасозлик, мебелсозлик, энергетика ва бошқа кўплаб тармоқлар учун зарур маҳсулотларни маҳаллийлаштириш имконияти пайдо бўлади.
Бу эса Ғиждувонда янги ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириб, бир корхона атрофида бошқа кичик ва ўрта бизнес субъектларининг ҳам пайдо бўлишига туртки беради. Бир сўз билан айтганда, бугун қўйилган тамал тоши эртага бир эмас, бир нечта тармоқларни бирлаштирувчи саноат занжирининг пойдеворига айланиши мумкин.

Янги лойиҳаларнинг иқтисодий самараси қанча юқори бўлмасин, уларнинг энг муҳим натижаси — янги иш ўринларининг яратилишидир.
Айниқса, Ёшлар саноат зонасининг номи ҳам бежиз эмас. Бу ҳудуд ёшларни иш билан таъминлаш, уларни замонавий касб ва мутахассисликларга ўргатиш, технологик ишлаб чиқариш жараёнларига жалб этиш учун ўзига хос имконият майдонига айланиши кутилмоқда.
Замонавий корхона эса фақат иш жойи эмас. У — касб, тажриба, малака, даромад ва келажакка ишонч демакдир. Бугун ишлаб чиқариш цехида ўз касбини эгаллаётган ёш мутахассис эртага янги ғоя ва ташаббус билан ўз корхонасини ташкил этиши, яна ўнлаб инсонларга иш ўрни яратиши мумкин.
Шу жиҳатдан қараганда, ҳар бир янги корхона — бандлик статистикасидаги рақам эмас, балки ўнлаб, юзлаб оилаларнинг барқарор даромади, фаровонлиги ва келажакка ишончидир.
Сўнгги йилларда Ғиждувонда тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган имкониятлар, инвестицияларни жалб этиш, саноат зоналарини ривожлантириш ва янги ишлаб чиқаришларни ташкил этишга бўлган эътибор туман иқтисодиётининг янги қиёфасини шакллантирмоқда.
Ёшлар саноат зонасидаги бугунги қадамлар эса ана шу жараённинг мантиқий давомидир.
Инвестор ва тадбиркорнинг ер майдонидан тортиб инфратузилмагача, ишлаб чиқаришдан тортиб бозоргача бўлган масалаларда қўллаб-қувватланиши ҳудудда ишбилармонлик муҳитини янада мустаҳкамлайди. Энг муҳими, тадбиркорнинг ғояси қоғозда қолиб кетмай, реал маҳсулотга, маҳсулот эса янги қиймат ва янги даромад манбаига айланмоқда.
Бу жараён Ғиждувоннинг нафақат бугунги, балки эртанги иқтисодий салоҳиятини белгилайди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири