🏆JCH-2026⚽
Ўзбек
Özbek
Русский
English
French
German
Arabic
Қазақ
Spanish
Chinese
Сўнгги янгиликлар

Ғиждувон туманида кўчат экиш давом этмоқда

Ғиждувон туманида кўчат экиш давом этмоқда
Жамият
Танлаш
17:24 / 17.03.2023

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда амалга оширилаётган кўчат экиш, дарахт ўтқазиш, кўкаламзорлаштиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси Бухоро вилояти Ғиждувон туманида ҳам уюшқоқлик билан давом этмоқда.

Кўчат ўтқазиб боғ яратиш, табиат ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш, экология тозалигига ҳисса қўшишдек хайрли мақсад кўзланган умуммиллий ҳаракатга биноан айни кунда туман ҳокимлиги, Халқ қабулхонаси, сектор раҳбарлари, ҳудуддаги корхона ва ташкилотлар жойларда кўкаламзорлаштириш тадбирларида фаол қатнашмоқда.  

Тумандаги 75 та маҳалла фуқаролар йиғинида 150 минг тупдан зиёд манзарали арча, қайрағоч, қарағай, акация, яна 300 минг тупдан ошиқ терак, тол ва ток кўчат ва қаламчалари, 10 та маҳаллада 3 минг тупга яқин тут ва жийда кўчатлари ўтқазилиб, парвариши бошланган. Биргина Барака маҳалласида катта қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айланган “Янги Ўзбекистон” массивини кўкаламзорлаштириш мақсадида жами лойиҳалаштирилган бино ва иншоотлар атрофидаги кўкаламзорлаштириладиган 19 гектар ерга 20 минг тупга яқин арча, олма, анор, олча, шафтоли, ўрик, гилос, олхўри, бодом, жийда кўчатлари ўтқазилди. Айни кунда бу кўчатлар агротехник талабларга мувофиқ парваришланмоқда.  

Ҳозирда “Янги Ўзбекистон” массивида пудрат корхоналари бинокорлари томонидан 129 та бир подъездли 5 қаватли, жами 2 минг 580 та энерготежамкор уй қурилиши жадал суръатда бораётган бўлса, бу иншоотлар атрофида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида қатнашаётган фаоллар ва кўнгилли ёшлар томонидан массивда яна 3 минг тупга яқин манзарали ва мевали кўчатлар ўтқазилмоқда.  

Шунингдек, Ғиждувон туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ишчи ходимлари ҳамда “Ҳавзак” маҳалла фуқаролар йиғини маъмурияти иштирокида ҳудудда фаолият олиб бораётган “Ғиждувон-Аҳрор” корхонаси дала четларига тут ва ток кўчатлари ўтқазиш  ишлари бажарилди. Бу ерда 500 туп мевали ва 500 туп узум кўчати ўтқазилиб, парвариши учун масъуллар бириктирилди. Шу билан бирга, кўчат ўтқазишда қатнашганларнинг ҳар бирига 50 туп мевали ва 10 тупдан ток-узум кўчати ўз ҳовли-жойларига элтиб қуриш учун тарқатилган.  

–“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида белгиланган ишларни жадаллаштириш тўғрисида мавсум олдидан ҳудуддаги Сармижон, Гулистон, Ғовшун, Улфатбиби, Пахтаобод, Зарангари каби 13 та маъмурий ҳудудда мутахассислар иширокидаги кўргазмали семинарларни ташкил этиб, хўжаликларга зарур тавсия ва топшириқлар берилган, – дейди туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ф. Жабборов. – Бу борада айни пайтда “Калон масжид”, “Абдусалом Саттор саховати”, “Рамазон Солиев-Сардор”, “Маҳмуд бобо-2000”, “Қобил Эсан Мустафо”, “Аваз Исматов замини” каби фермер хўжаликларида тут ва ток кўчатларини ўтқазиш, дала атрофларини кўкаламзорлаштириш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.  

Туманда эрта баҳор кўчат ўтқазиш мавсуми доирасида умумий миқдорда 645 минг туп манзарали ва мевали дарахт кўчатларини ўтқазиш чора-тадбири кўрилиб, бу борадаги ишлар ҳозирда қизғин давом эттирилмоқда. Маҳалла ва хўжаликларни кўкаламзорлаштириш мақсадида 300 минг тупдан ортиқ кўчат ўтқазилган. Бу муҳим тадбирда бевосита фаоллик кўрсатаётган туман Ўрмон хўжалиги жамоаси томонидан  150 минг туп арча ва садақайрағоч, 100 минг туп атрофида акация ва қайрағоч дарахт кўчатлари захираси яратилиб, шу кунларда манзилли етказиб берилмоқда.  

Зариф Комилов, ЎзА

Муаллиф: zarifkomilov