Бухоро вилояти Ғиждувон туманида 4-сектор ишчи гуруҳи ҳудуддаги маҳаллаларда тажрибали тадбиркорлар, ҳунармандлар ва томорқачилар билан ҳамкорликда ишсиз ёшлар бандлигини таъминлашга яқиндан кўмаклашмоқда.
Эътиборлиси, мазкур ҳамкорлик доирасида дастлаб тажрибали тадбиркорлар, ҳунармандлар ва томорқачилар 4 нафардан ёшларни расмий иш билан банд қилган ҳолда уларга ўз тажрибаларини ҳам ўргатмоқда.
Иккинчи босқичда эса туман ҳокими Шерзод Ашуров ва 4-сектор раҳбари кўмаги билан етарли тажрибага эга бўлган ёшларга имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига керакли ускуналар харид қилинган ҳолда уларнинг мустақил тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйиляпти.
Жумладан, туманнинг “Заргарон” маҳалла фуқаролар йиғинида темирчи усталардан ҳунар ўрганган 20 нафар шу ерлик ёшларга ҳам мустақил иш бошлашлари учун имтиёзли кредит маблағи ажратилди.
Эътиборлиси, мустақил иш бошлаган ёш тадбиркорларнинг ўзлари ҳам 4 нафардан шогирд олиб, уларни ҳам тадбиркор сифатида учирма қилишни мақсад қилган.
Зариф Комилов,
ЎзА