Ўзбекистон туризми: 35 йиллик тараққиёт солномаси
Асрлар давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаб келган Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган юртимиз ўзининг бой тарихий-маданий мероси, қадимий шаҳарлари, бетакрор меъморий обидалари, миллий анъаналари ва табиий салоҳияти билан дунё сайёҳларини ўзига жалб этиб келган. Айниқса, сўнгги йилларда диёримизда туризмни ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида устувор аҳамият қаратилиши натижасида соҳада туб ўзгаришлар амалга оширилди. Қуйида Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилган энг муҳим қадамлар ва эришилган натижаларни йиллар кесимида кўришингиз мумкин.
2004 йил

Самарқандда БМТнинг Жаҳон туризм ташкилоти – UNWTOнинг Буюк ипак йўли бўйича минтақавий офиси ташкил этилди.
2015 йил

Пойтахтимизда икки қаватли туристик автобуслар (Double-decker) қатнови йўлга қўйилди.
2016 йил

“Афросиёб” тезюрар поездлари йўналиши кенгайтирилиб, Бухорогача етиб борди.
2017 йил

Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз ва Тошкентда хорижий сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида “Хавфсиз туризм” (Туризм полицияси) махсус бўлинмалари ташкил этилди ҳамда 1173 қисқа рақамли “Call-марказ” ишга туширилди.
2018 йил

Ўзбекистонда хорижий фуқаролар учун электрон виза (e-visa) тизими жорий этилди;
Худди шу йилдан бошлаб бугунги кунга қадар хорижий фуқаролар учун визасиз режим жорий қилинган давлатлар сони 90 дан ошди;
Хорижий сайёҳларни рўйхатга олиш тартиби рақамлаштирилиб, “E-mehmon” онлайн тизими ишга туширилди;
Ўлкамизда туризм салоҳиятини ошириш мақсадида “Ҳалол туризм” (Halal tourism) стандарти жорий этилди;
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризм дастури доирасида мамлакат фуқароларининг ички саёҳатларини рағбатлантириш тизими йўлга қўйилди;
Транзит йўловчилар учун мамлакатимиз орқали учиб ўтишда 5 кунлик визасиз кириш тартиби жорий қилинди.
2019 йил

Тошкент вилоятида халқаро стандартларга жавоб берувчи биринчи “Амирсой” тоғ-чанғи курорти иш бошлади;
Зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида янги “Pilgrim visa” тури жорий этилди;
Бухоро шаҳри зиёрат туризмининг халқаро марказларидан бири сифатида халқаро “Зиёрат туризми форуми”га мезбонлик қилди;
Қўқон шаҳри Жаҳон ҳунармандлар шаҳри деб эълон қилинди ва I Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилди;
Тиббиёт туризмини ривожлантириш мақсадида чет эл фуқаролари учун “Medical visa” тури жорий этилди;
Гастрономик туризмни тарғиб қилиш учун мунтазам равишда “Gastro Bazaar” халқаро фестивали ўтказилиши йўлга қўйилди.
2020 йил

Қарши, Нукус, Термиз, Бухоро ва Навоий халқаро аэропортларида хорижий авиакомпаниялар учун “Очиқ осмон” режими жорий қилинди;
“Lonely Planet” халқаро нашри юртимизни Марказий Осиёда йилнинг 1-рақамли туристик йўналиши деб эълон қилди.
2021 йил

Зомин туманида халқаро умуммавсумий тоғ-чанғи ва соғломлаштириш курорти ташкил этилди;
Пандемия шароитида хавфсизликни таъминлаш учун “Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED” (Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланган) тизими яратилди;
Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ўз фаолиятини бошлади.
2022 йил

Самарқандда энг йирик “Silk Road Samarkand” халқаро туристик мажмуаси очилди;
Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминали Мирзо Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний” китоби шаклида қурилди.
2023 йил

Октябрь ойида Самарқандда БМТнинг Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг 25-сессияси бўлиб ўтди;
Ушбу йилда Навоий вилоятидаги Сентоб қишлоғи UNWTO томонидан “Энг яхши туристик қишлоқ” деб топилди;
Самарқанд шаҳрида БМТнинг Жаҳон туризм ташкилотининг (UNWTO) Халқаро туризм академияси очилди;
Халқаро аэропортларда хорижий сайёҳлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш – “Tax Free” тизими жорий этилди;
Самарқанд шаҳри “Жаҳон маданий туризми пойтахти” мақомини олди;
Тошкент халқаро аэропортида сайёҳларга хизмат кўрсатишни тезлаштириш ва чегара назоратини автоматлаштириш учун “E-gate” (электрон дарвозалар) тизими ўрнатилди.
2024 йил

Ушбу йилда Хива шаҳри Ислом дунёсининг туризм пойтахти деб эълон қилинди.
2025 йил

Йил якунларига кўра, диёримизга рекорд даражада – 11,7 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрди;
Ушбу йилнинг апрель ойида тарихда илк бор бир ой ичида Ўзбекистонга 1 миллиондан ортиқ турист келди.
2026 йил

Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси маркази очилди;
Жаҳон сайёҳлик ва туризм кенгаши (WТТC) нинг “Travel & Tourism Economic Impact Research 2026” ҳисоботига кўра, Марказий Осиё туризм ўсиши бўйича 2025 йилда дунёнинг энг тез ривожланаётган минтақаси сифатида қайд этилди;
“Жалолиддин Мангуберди” номли юқори тезликдаги электропоезд Тошкент–Хива йўналишида илк қатновини амалга оширди.
P/s: Мақола Ўзбекистон Туризм қўмитаси билан ҳамкорликда тайёрланди.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА