Фарғона вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан гиёҳвандлик моддаси контрабандаси билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Улардан икки килограммга яқин “гашиш” гиёҳвандлик моддаси далилий ашё сифатида олинди.
Фарғона туманида яшовчи Р. К., У.Т., У. Т. (исмлар шартли) Қирғиз Республикаси фуқароси “Рома” исмли шахс билан гиёҳвандлик моддаси савдосини амалга оширишни режа қилади. Бунинг учун улар контрабанда йўли билан қўшни давлатдан гиёҳвандлик воситасини Ўзбекистонга олиб ўтиш, сақлаш ва сотиш пайида бўлган. Р. “Рома” билан телефонда гаплашганда Қирғизистондан олиб ўтилган гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олишини айтади. У.Т. гиёҳвандлик воситасини “Рома” юборган геолокация орқали Андижон тумани “Боғишамол” даҳасидаги автомобиль йўли четидаги яшириб қўйилган жойдан олган. Тошкентдан қайтаётган У.Т. билан Данғара тумани ҳудудидаги “патир бозор”да кўришиб, пойтахтга қараб “Ботир” исмли шахсга сотиш учун йўл олишган.
Наманган вилояти Поп туманидаги “Шеробод” ЙПХ масканида ДХХ ходимлари томонидан улар ҳаракатланаётган “Дамас” автомашинаси тўхталиб кўздан кечирилганда, икки бўлакдан иборат “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди. Суд-кимёвий экспертизасининг хулосасига кўра, унинг соф оғирлиги 1976 граммга тенглиги кўрсатилган. Улар жиноий ҳаракатини ўзларига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра охиригача етказа олмади.
Суд томонидан мазкур жиноятни содир этганларга ҳукм ўқилди. Рустам Комиловга 13 йил 2 ой, Умид Тожибоевга 12 йил ҳамда Улуғбек Тожибоевга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири