Гиёҳвандлик бир инсон тақдири билан чекланиб қолмайдиган хавфли иллатдир
Қорақалпоғистон Республикасида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонунидан келиб чиқадиган вазифалар мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш мақсадида кенг қамровли тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан ҳудуддаги барча шаҳар ва туманларда “Ҳаётни танла!” акцияси доирасида маърифий учрашувлар, давра суҳбатлари ва тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Ушбу тадбирлардан кўзланган асосий мақсад аҳоли жумладан, ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунча бериш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ҳамда ёшларни ҳаётда тўғри танлов қилишга ундашдан иборат.

Акция доирасида маҳалла ва ташкилотларда ўтказилаётган учрашувларда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг инсон саломатлиги, оила тинчлиги ва жамият барқарорлигига етказадиган зарари ҳақида батафсил маълумот берилмоқда.

Таъкидланганидек, гиёҳвандлик бир инсон тақдири билан чекланиб қолмайдиган, балки бутун жамият келажагига хавф солувчи иллатдир. Шу боис, унинг олдини олишда маҳалла, оила, таълим муассасалари, давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамжиҳатлиги муҳим аҳамият касб этади. “Ҳаётни танла!” акцияси доирасидаги кенг қамровли тадбирлар орқали ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни спорт ва ижодга жалб қилиш, турли салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш борасида амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.