Германияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан очиқ мулоқот
Германия Федератив Республикасига амалга оширган хизмат сафари доирасида Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Германияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба-ёшлар билан учрашди.
Ўзбекистоннинг Берлин шаҳридаги элчихонасида ташкил этилган очиқ мулоқотда Германиянинг нуфузли университетларида бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичларида таҳсил олаётган ҳамда илмий фаолият билан шуғулланаётган ёшлар иштирок этди.
Учрашув давомида мамлакатимизда сўнгги йилларда олий таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, университетларнинг халқаро нуфузини ошириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ёш олимлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Таъкидланганидек, янги Ўзбекистонда инсон капитали тараққиётнинг асосий драйвери сифатида қаралмоқда. Шу боис, олий таълим муассасаларини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, илмий тадқиқотларни иқтисодиёт билан интеграция қилиш ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Мулоқот давомида Германияда таҳсил олаётган ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар, хусусан, Ўзбекистонда илмий фаолиятни давом эттириш имкониятлари, академик мобиллик дастурлари, халқаро қўшма лойиҳалар, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳамда меҳнат бозорида юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёж ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Айниқса, мамлакатимизда муҳандислик, сунъий интеллект, рақамли технологиялар, яшил энергетика ва инновацион тадбиркорлик соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар талаба-ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Улар Германия университетлари ва илмий марказларида орттирган билим ва тажрибаларини келгусида Ватанимиз тараққиёти йўлида сафарбар этишга тайёр эканликларини таъкидлади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА