Германиянинг Майнц университетида биринчи ўзбек романнависи Абдулла Қодирий таваллудининг 130 йиллиги ва шоир Муҳаммад Юсуф таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан адабий кеча ташкил этилди.
Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси ташаббуси билан Йоҳанн Гутенберг номли Майнц университети Славян тиллари, Туркология ва Болтиқбўйи давлатлари тилларини татбиқ этиш институти кўмагида уюштирилган тадбирда олийгоҳ профессор-ўқитувчилари, ўзбек тилини ўрганаётган германиялик талабалар, университетда таҳсил олаётган ва илмий тадқиқот олиб бораётган ватандошлар иштирок этди.
Адабий кечада олий ўқув юрти Туркология кафедраси бошлиғи профессор Юлиан Ренч ўзбек адабиёти таниқли намояндалари хотираси Германиядаги туркология ва ўзбек тили ўргатиладиган таълим муассасаларида эъзозланиши нафақат мамлакатларимиз ҳамкорлигини ривожлантириш, балки хорижда ўзбек тили ва адабиётига қизиқувчилар сафини кенгайтиришига ҳам хизмат қилишини таъкидлади.
Тадбирда мамлакатимиздан борган мутахассислар, университет ўқитувчилари Абдулла Қодирий ва Муҳаммад Юсуф ижоди, улар қолдирган адабий мерос ҳақида илмий маърузаларини тақдим қилишди.
Шунингдек, тадбирда ижодкорларимиз асарлари, шеърларидан парча ўқилди. “Ўтган кунлар” романи асосида тайёрланган саҳна кўриниши, миллий рақслар намойиши барчага манзур бўлди.
Айни кунларда юртимиз тарихи ва маданияти, ўзбек тили ва адабиётини ўрганишни хорижда кенг тарғиб қилиш ҳамда мамлакатимиз нуфузини ошириш мақсадида элчихонамиз томонидан Германиянинг ўзбек тили ва адабиёти ўргатиладиган олий таълим муассасаларида атоқли ўзбек адиблари ижодига бағишланган адабий кечалар ўтказилмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА