Германия ва Эрон билан тиббий ҳамкорлик
Жиззахда тиббиёт кластерини ривожлантириш ва хизмат сифатини ошириш учун халқаро ҳамкорликка эътибор қаратилмоқда. Германия ва эронлик етакчи мутахассислар билан мулоқотда илғор тажрибаларни жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Жиззах вилоятида хорижлик тиббиёт вакиллари билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган амалий мулоқот ўтказилди.
Вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев Германия ва Эрондан ташриф буюрган тиббиёт мутахассислари билан учрашди. Унда Германиянинг Гамбург шаҳридаги “Asklepios Klinik Barmbek” клиникаси жарроҳи Йорн Халберштадт ҳамда эронлик мутахассис Муҳаммад Ризо Зиёбори иштирок этди.


Мулоқотда Жиззах вилояти тиббиёт кластери фаолияти, унинг моддий-техник имкониятлари ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар қамровини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Айниқса, хорижлик малакали мутахассисларни маҳаллий тиббиёт тизимига жалб этиш, уларнинг билим ва тажрибасини амалиётга татбиқ қилиш истиқболлари эътибор марказида бўлди.


Зеро, замонавий тиббиётда диагностика ва даволаш усулларининг мунтазам янгиланиши мутахассислардан ҳам доимий изланишни талаб этади. Халқаро тажриба билан танишиш, уни маҳаллий шароитга мослаштириш ва тиббиёт ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш хизматлар сифатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

Албатта, бундай ҳамкорликнинг асосий мезони унинг аҳоли ҳаётидаги амалий натижасидир. Хорижий мутахассислар тажрибаси ва замонавий ёндашувларнинг татбиқ этилиши вилоят аҳолиси учун тиббий хизмат сифатини оширади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири