Германия Президенти Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер рафиқаси ҳамроҳлигида мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турибди.
Олий мартабали меҳмон “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюрди. Мажмуада олий мартабали меҳмонга Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва бошқа расмийлар ҳамроҳлик қилди.
[gallery-29995]
Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйиб, халқимизнинг озод ва фаровон ҳаёт йўлидаги эзгу интилишларини ўзида мужассам этган ушбу муаззам мажмуага юксак эҳтиром кўрсатди.
Мустақиллик монументи асрлар давомида шаклланган давлатчилик анъаналаримиз, халқнинг миллий қадриятлари ва эзгу орзу-интилишларининг ёрқин тимсолидир. Унда элимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, буюк аждодларимизнинг бой илмий-маърифий мероси ҳамда Ватан тараққиёти йўлидаги саъй-ҳаракатлари бадиий ифодаларда ўз аксини топган.
Германия Президентининг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА, Сарвар ЎРМОНОВ (сурат), ЎзА