“GEOMIN-2026”: геология соҳасида қандай инновацион ёндашувлар илгари сурилди?
Бугун Тошкентда “GEOMIN-2026” халқаро конференциясининг якуний тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Геология соҳаси ва тоғ-кон саноати вакилларини бир майдонга жамлаган мазкур халқаро анжуман доирасида янги илмий ишланмалар, замонавий технологиялар ҳамда минерал ресурсларни самарали ўзлаштириш бўйича илғор ечимлар тақдим этиляпти.
Конференциянинг иккинчи кунида мутахассислар эътибори геология-қидирув ишларини самарали ташкил этиш, геологик маълумотларни қайта ишлаш ва истиқболли майдонларни аниқлашнинг замонавий усулларига қаратилди. Соҳада сунъий интеллект, машинали ўқитиш ва рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятлари бўйича тақдимотлар ўтказилди.

Шунингдек, замонавий геофизик усуллар, аэрогеофизик тадқиқотлар ва конларни прогнозлашда қўлланилаётган янги ёндашувлар ҳақида фикр алмашилди. Бу йўналишлардаги илмий изланишлар натижалари ва амалий ишланмалар конференция иштирокчиларига тақдим этилди.
Кун тартибидан уран, олтин, мис ва литий каби муҳим минералларни излаш ва ўзлаштириш масалалари ҳам ўрин олди. Бундан ташқари, табиий водороднинг истиқболлари ҳамда техноген минерал ҳосилалардан самарали фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Анжуманнинг муҳим муҳокамаларидан бири тоғ-кон саноатининг келажагига бағишланган панель сессияси бўлди. Унда ESG тамойиллари, ишлаб чиқариш жараёнидаги замонавий ёндашувлар ва глобал таъминот занжирларида юз бераётган ўзгаришларнинг соҳага таъсири ҳақида фикр алмашилди.

“GEOMIN-2026”да Ўзбекистон, Марказий Осиё ва бошқа ҳудудларда олиб борилаётган геологик тадқиқотлар натижалари ҳам тақдим этилди. Таъкидланганидек, бугунги кунда геология соҳасида замонавий технологиялар ва инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш, геологик тадқиқотларни рақамлаштириш ҳамда минерал-хом ашё базасини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади. Бу эса ер қаъридан оқилона фойдаланиш, истиқболли конларни аниқлаш ва минерал ресурсларни самарали ўзлаштириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, 17 сентябрь куни конференция иштирокчилари учун Қалмоққир конига ташриф ташкил этилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА