Гендер тенгликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар илмий жиҳатдан қўллаб-қувватланади
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мазкур меморандум мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва гендер тенгликни таъминлашга қаратилган ислоҳотларни илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳужжат доирасида оила ва гендер сиёсати соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик қилинади.
Оилалар барқарорлигини таъминлаш, хотин-қизлар бандлигини ошириш, гендер тенгликни таъминлашга оид масалалар юзасидан социологик тадқиқотлар ўтказиш, илмий-таҳлилий материаллар тайёрлаш ва экспертлик хулосаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Хотин-қизлар ва оилалар муаммоларини чуқур ўрганиш, уларни ҳал этишга қаратилган амалий механизмларни жорий этиш, шунингдек, илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Н.Абдураимова, ЎзА