Тошкентда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ходимларининг гендер сиёсати асосларини яратиш бўйича хабардорлигини оширишга қаратилган анжуман-тренинг ўтказилди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, Осиё тараққиёт банки ва “Ekvita Italia” АЖ ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирга мазкур жамият ва унинг тизимидаги масъуллар, ходимлар ва Гендер тенглик кенгаши аъзолари таклиф этилди.
Унда сўз олганлар мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини қайд этди.
Бугунги кунда гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 дан зиёд қонунчилик ҳужжати қабул қилинган. Гендер тенглик хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳатидир.
[gallery-20576]
Таъкидлаш лозимки, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг ходимлар ва иш жойларини бошқариш сиёсати гендер тенглигига қатъий ёндашишни талаб этади ва бу Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш стратегияларига тўлиқ мос келади. Гендер тенгликни кадрлар ва иш жойи қоидаларига интеграция қилган ҳолда, мамлакатимизда янги адолатли ишчи кучини шакллантириш ва инклюзив иқтисодиётга эришишга қаратилган саъй-ҳаракатлар кўзда тутилган.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича бошланғич ташкилоти раиси Саодат Ибрагимова қайд этганидек, мазкур семинар Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги “Электр тармоқларини рақамлаштириш ҳамда барқарорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
– Гендер тенглик нафақат қонунчилик даражасида, балки ҳар бир жамиятнинг кундалик ҳаётида ўзига хос муҳитни ташкил этади. Бу масалада биз, албатта, оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз. Гендер тенглигини ривожлантириш учун, биринчи навбатда, аёллар ва эркакларнинг имкониятларини бир хил ҳолатда таъминлашга эътибор қаратишимиз зарур. Агар жамиятда бу тушунча тўғри йўналишда, аниқ сиёсатлар асосида амалга оширилса, натижаларни кўришимиз мумкин бўлади. Шундай қилиб, биз ўз ташкилотимизнинг барча фаолиятини гендер тенглик асосида ташкил қилиб, ёшларнинг жамиятдаги ролини янада кучайтиришни мақсад қилганмиз, – деди С.Ибрагимова.
Тадбирда иштирокчилар гендер тенглик тушунчалари ва энергетика соҳасида аёлларнинг кенгроқ иштирокини таъминлашга қаратилган муҳим йўналишлар билан танишди. Шунингдек, анжуман-тренинг давомида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг кадрлар ва иш жойларини бошқариш сиёсатига гендер тенглик нуқтаи назаридан ўзгартиришлар киритиш масалалари, айниқса, аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар муҳокама қилинди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА