Анклав “хариталанмаган кон майдонига” айланди. Ғазо секторини минадан тўлиқ тозалаш учун 20-30 йил керак бўлиши мумкин.
Бу ҳақда "Reuters" агентлиги "Humanity & Inclusion" халқаро ташкилотига таяниб хабар берган.
Тузилма матбуот котиби Ник Орр айтишича, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги икки йиллик уруш давомида портламай қолган ўқ-дори аҳоли учун асосий таҳдидлардан бирига айланган. БМТ маълумотига кўра, урушнинг портловчи қолдиғидан ҳозиргача камида 53 киши ҳалок бўлган, юзлаб одам яраланган.
- Минадан бутунлай тозалаш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, бу жараён ҳеч қачон тугамайди, ер остидаги ўқ-дорини кейинги авлодлар ҳам топишади, - дейди мулозим. - Фақат сиртқи қисмни тозалашга тахминан 20-30 йил кетади. Бу вазиятни Иккинчи жаҳон урушидан кейинги Британия шаҳарлари ҳолати билан таққосласа бўлади.
Яқин келажакда ташкилотнинг етти аъзоси муҳим инфратузилма объектлари, жумладан шифохона ва новвойхоналарни ўргана бошлайди. Бинобарин, гуманитар ташкилотлар Исроил расмийларидан иш олиб бориш ва ҳудудга зарур жиҳозлар олиб кириш учун ҳали рухсат ололмаган.
Орр инсонпарварлик миссиялари хавфсизлигини таъминлаш учун АҚШ таклиф қилган 20 банддан иборат оташкесим режасида кўзда тутилган муваққат халқаро кучлар яратилиши зарурлигига ҳам урғу берди:
- Ғазода тинчлик ўрнатилиши учун гуманитар ташкилотлар ишлашига имкон берадиган куч бўлиши керак. "Humanity & Inclusion" ҳозир жангарилар кейинчалик фойдаланиши эҳтимолини истисно қилиш учун ўқ-дорини портлатмай, хавфсиз ёқиш имконини берувчи махсус қурилмалар етказиб беришга рухсат сўрамоқда.
Ғазо фуқаролик мудофааси ташкилоти 18 октябрь куни минтақада аҳоли ҳаётига таҳдид солаётган 70 000 тоннага яқин портламай қолган ўқ-дори борлигини маълум қилган.
Г.Сатторова, ЎзА