Гаров реестри – кредиторларнинг кредит таваккалчилигини пасайтиришга хизмат қилади
Гаров реестри фаолияти давомида фойдаланувчилар томонидан 320 мингга яқин ёзув қайд этилди, 19,4 мингдан ортиқ ёзувларга ўзгартишлар киритилди, қарийб 46,3 мингта ёзув гаров мажбуриятлари бажарилганлиги муносабати билан гаров реестридан чиқарилди.
Гаров реестри фаолияти давомида фойдаланувчилар томонидан 320 мингга яқин ёзув қайд этилди, 19,4 мингдан ортиқ ёзувларга ўзгартишлар киритилди, қарийб 46,3 мингта ёзув гаров мажбуриятлари бажарилганлиги муносабати билан гаров реестридан чиқарилди.– Бугунги кунда барча тижорат банклари, микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар, шунингдек, бошқа хўжалик субъектлари ҳамда жисмоний шахслар гаров реестри хизматидан фойдаланмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги «Гаров реестри» давлат унитар корхонаси директори Шерзод Холиёров. – Бу мамлакатимизнинг молия-банк тизимини халқаро стандартларга мос инфратузилма билан таъминлаш ҳамда кредиторлар манфаатларини янада ишончли ҳимоялашда қўл келмоқда. Гаров реестридан реал вақт режимида интернет ахборот тармоғи орқали фойдаланиш имконияти таъминланмоқда. Бу тизим Халқаро молия корпорациясининг гаров реестри бўйича халқаро экспертлари томонидан юқори баҳоланди.
Ҳозир гаров муносабатларига бинолар ва иншоотларнигина эмас, интеллектуал мулк, инвентарь ва хомашёлар, дебитор қарзлар, қишлоқ хўжалигининг кутилаётган ҳосили ва бошқа мулкларни ҳам жалб этиш мумкин.
Кредиторлар томонидан молиялаштириш амалиётларини шундай таъминотлар остида амалга ошириш ва таваккалчиликни камайтиришда гаров реестри қўл келади.
Гаров реестрини мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш воситаси сифатида бериб қўйилган мулклар тўғрисидаги электрон эълонлар тахтаси дейиш ҳам мумкин. Бундай эълонлар тахтасидан ҳар бир кредитор ёки бошқа исталган шахс www.garov.uz сайти орқали баҳраманд бўлади. Бу маълум бир мол-мулкнинг гаровдалиги бўйича ва гаровдаги мол-мулк ҳисобига ўз талабларининг қаноатлантирилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган кредиторлар тўғрисида маълумотларни кузатиб бориш имконини беради.
Гаров реестри кредиторларнинг кредит таваккалчилигини пасайтиришга ҳамда тадбиркорлик субъектларини мулк гарови остида кредитлаш имконияти кенгайишига хизмат қилади. Гаров реестридаги ахборотни қарздор – солиқ тўловчининг идентификация рақами ёки ёзувнинг ягона рўйхатдан ўтказиш рақами ёхуд айрим мол-мулкларнинг рўйхат белгилари бўйича излаш имконияти таъминланган. Фойдаланувчиларга мол-мулк тўғрисида гаров реестрига ёзув киритилганлиги ҳақида электрон шаклда, зарур ҳолларда қоғозда ахборот тақдим этилиши мумкин.
Гаров реестри фаолияти давомида фойдаланувчилар томонидан 320 мингга яқин ёзув қайд этилди, 19,4 мингдан ортиқ ёзувларга ўзгартишлар киритилди, қарийб 46,3 мингта ёзув гаров мажбуриятлари бажарилганлиги муносабати билан гаров реестридан чиқарилди. Фойдаланувчиларга ёзувлар бўйича 1,9 мингдан зиёд кўчирма тақдим этилди. Натижада гаров реестрига таъминот сифатида қабул қилинган 550 мингдан ортиқ мулк объекти бўйича кредиторлар ҳуқуқлари тўғрисида ёзувлар киритилди.
Табиийки, 2013 йил 23 октябрда қабул қилинган «Гаров реестри тўғрисида»ги қонун кучга кирганидан буён ўтган қисқа вақтда эришилган ушбу натижалар юртимизда гаров реестрининг оммалашиб бораётганини кўрсатмоқда ва мазкур қонуннинг нақадар ўз вақтида ва тўғри қабул қилинганлигидан далолат бермоқда.
Гаров реестрининг кредитор учун қандай афзалликлари бор? Юқорида келтирилган қонуннинг 9-моддасида кредиторларнинг ундирувни гаров объектига қаратиш бўйича ҳуқуқлари аниқ белгилаб қўйилган. Агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, гаров реестрига ёзувни киритиш вақти ва санаси кредиторнинг қарздор ўз мажбуриятларини бажармаган ҳолларда бошқа кредиторлар ва учинчи шахслардан олдин ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратишга, бошқа талабларни қаноатлантиришга бўлган имтиёзли ҳуқуқини аниқлаш учун асос бўлади.
Бундан ташқари, кредитор гаров реестри базасидан таъминот сифатида қабул қилинаётган мол-мулк (актив, ҳуқуқ) гаров сифатида фойдаланилаётганлиги тўғрисидаги ахборотни қисқа муддатда олиш имкониятига эга бўлади. Мисол учун, бир шахс ўз мулкини бир неча мажбурият таъминоти учун ўрнатилган тартибда кўп марта гаровга қўйиши мумкин. Кредиторлар гаров реестридан қарздорнинг мулклари бошқа мажбурият бўйича гаровга қўйилганлигини мустақил аниқлаш имконига эга бўлади. Чунки ҳар бир кредитор гаровга қабул қилган мол-мулклари тўғрисидаги маълумотларни «Гаров реестри тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасида келтирилган имтиёзли ҳуқуқга эга бўлиш мақсадида гаров реестрига киритиб боради.
Гаров реестрининг жорий этилиши кредитлар ҳажмининг сезиларли даражада ўсишига таъсир кўрсатмоқда. Чунки гаров мулки банк учун кредит таваккалчилигини пасайтирса, қарз олувчи учун қарамоғидаги мол-мулкини гаровга қўйиш эвазига қулай ва максимал даражада тез кредит олишга имкон беради.