Президент ташрифидан сўнг...
Кўкдала тумани маъмурий марказидаги улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида мақола ёзишга киришар эканман қашқадарёлик бир отахоннинг шу гаплари қайта-қайта ёдга тушиб кетаверди.
Қуйироқда шу ҳамсуҳбатимнинг фикрларини эътиборингизга, албатта, ҳавола қиламан. Ҳозир эса янги тумандаги янгиликлар ҳақида атрофлича тўхталмоқчиман.
Ёдимизда, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 20 июнь куни Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани маъмурий марказида бўлган эди. Президент ташрифидан сўнг ҳудудда бўлиб, одамларнинг кайфияти билан қизиқдик. Ўзгаришларга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик.

Аҳолига қулайликлар яратиш, урбанизация жараёнларини тартибга солиш мақсадида уч йил аввал ташкил этилган туманда бугун ўзгаришлар жадал бормоқда.
Хусусан, кенг кўламли қурилиш ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ўтган уч йилда 120 километр сув, 210 километр электр тармоғи қурилди, 605 километр тупроқ йўллар таъмирланди.
Шунингдек, 19 та мактаб, 22 та боғча, 5 та оилавий поликлиника, бир қанча маҳалла бинолари ишга тушди. Маъмурий бинолар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилди. Болалар майдончалари, ички йўллар, яшил ҳудудлар ва сервис марказлари уйғунликда қурилмоқда. Бу бунёдкорлик ишларидан аҳоли мамнун.

Хусусан, икки юздан ортиқ объектда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
Эътиборлиси, бугунги кунда 38 та идорани бир жойда жамлаган туман ҳокимлиги биноси, ҳуқуқ тартибот, мудофаа ва суд идоралари ҳамда ўнта ижтимоий соҳа объектлари ягона концепция асосида жойлаштирилган.
Турли идора ва ташкилотларнинг бу тартибдаги узвий жойлашуви аҳолига қатор қулайликлар яратмоқда. Айтайлик, туман даражасидаги ҳар қандай масала билан келган фуқаро бир ҳудуднинг ўзида ечимга эга бўлади.
Еттитом кичик саноат зонаси туман тараққиётида ўзига хос ўрин тутмоқда.
Тўрт гектар майдонда жойлашган саноат зонасида қиймати 10 миллион долларлик тўққизта кичик лойиҳа жойлаштирилган. Бу ерда тикув-трикотаж ва озиқ-овқат маҳсулотлари, чинни буюмлар, иссиқхона жиҳозлари ишлаб чиқарилмоқда. Бу ишлар натижасида 600 нафардан ортиқ кўкдалаликнинг доимий бандлиги таъминланган.
– Президентимиз бизнинг корхонага ҳам ташриф буюриб, фаолиятимиз билан танишган эди, – дейди чинни буюмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Komfort Industrial Aria” корхонаси раҳбари Собир Эштемиров. – Бу мулоқот бизга ўзгача илҳом берди. Фаолиятимизни янада кенгайтириш режалари пайдо бўлди. Лойиҳамизнинг умумий қиймати 5 миллиард сўм бўлиб, йилига 7 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқарамиз. Чинни буюмларга ички бозорда талаб юқори. Келгусида экспортга ҳам йўналтириш ниятимиз бор.
Кичик саноат зонасида самарали иш олиб бораётган тадбиркорлик субъектларидан яна бири иситиш қозонлари ишлаб чиқарадиган корхонадир. Ушбу лойиҳани ишга тушириш учун 5 миллиард сўм инвестиция йўналтирилган. Хитойдан келтирилган энг замонавий ускуналар ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ва нарх барқарорлигига хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда иқтисодий ривожланишга қай даражада эътибор қаратилса, маданий ва маърифий юксалишга ҳам шундан кам бўлмаган сармоя йўналтирилади.
Буни Кўкдалада янги бунёд этилган 250 томошабин ўрнига эга санъат саройи мисолида ҳам кўриш мумкин.
Бу объект энг замонавий овоз ёзиш студияси, овоз кучайтириш мосламалари, мукаммал совитиш ва иситиш тизими билан жиҳозланди. Махсус хоналар зарур мебеллар билан таъминланди. Бу маскан шаҳарчанинг диққатга сазовор, гавжум жойларидан бирига айланмоқда.
Ҳудудда яна ижтимоий соҳа объектлари, кутубхона, спорт майдонлари, маданият марказлари қурилиши давом этмоқда.
– Авваллари бирор юмуш юзасидан олис масофаларни босиб, марказга боришга мажбур бўлар эдик дейди, – кўкдалалик отахон Нурилла бобо Очилов. – Энди барча хизматларни ўзимизга яқин жойдан оляпмиз. Президентимизнинг гапираётган гаплари қилаётган амалларига ҳамиша мос келиши туманимиздаги ўзгаришлар мисолида ҳам кўриниб турибди. Икки-уч йил олдин бу ерда шунча ўзгариш бўлишини айтишганида бунга ишониш қийин эди. Мана бунга ўзимиз гувоҳмиз. Ҳаммаси аъло даражада. Замонавий тил билан айтадиган бўлсам, туманимизга инвестициялар кириб келиши сезиларли даражада ошган. Янги маъмурий марказдаги қурилиш ишлари маҳаллий саноатни, хизмат кўрсатиш соҳаларини рағбатлантирмоқда. Бу эса кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга имкон бериши шубҳасиз. Хайрли ишлар шу ернинг халқи учун янги иш ўринлари яратиб, дастурхонлар тўкислигига сабаб бўлмоқда.
Бу жараёнлар Қашқадарё вилоятининг барқарор тараққиёти ва аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлашда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири