Гандболчиларимиз Файсалободда жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди
Покистоннинг Файсалобод шаҳрида Халқаро гандбол федерацияси (IHF) тизимидаги “Men’s IHF Trophy” 3-зона халқаро мусобақаси мамлакатимиз гандболчилари учун муваффақиятли якунланди.
2027 йилги жаҳон чемпионатига йўлланмалар тақдим этадиган мазкур мусобақа U-18 ва U-20 ёш тоифаларида ўтказилиб, унда Тожикистон, Қирғизистон, Покистон, Қозоғистон ҳамда мамлакатимиз вакиллари ғолиблик йўлида баҳс олиб борди.
Эътиборли жиҳати, гуруҳ босқичидаги барча учрашувларда ғалаба қозонган Ўзбекистон терма жамоасининг ҳар икки ёш тоифасидаги гандболчилари финал босқичига йўл олди ва 1-ўрин учун кураш олиб борди.

Кеча “Men’s IHF Trophy” халқаро мусобақасининг финал ўйинида Ўзбекистон U-18 терма жамоаси Қозоғистон билан рўбарў келди.
Шиддатли кечган қарама-қаршиликда ҳамюртларимиз рақибидан ҳар жиҳатдан устун экани ўйин давомида яққол кўриниб турди ва бу натижада ҳам ўз аксини топди. Ўзбекистон-Қозоғистон- 35:18.
Турнирнинг U-20 терма жамоалари ўртасидаги финал учрашувида ҳамюртларимиз мезбонлар жамоаси Покистон билан тўқнаш келди.
Маҳаллий ишқибозларнинг босими остида ўтган ўйинда Ўзбекистон гандболчилари ғалабага бўлган кучли иродасини намойиш этиб, Покистонни 42:32 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Шу тариқа, ҳар икки терма жамоамиз мусобақанинг олтин медалларини қўлга киритиш билан бирга, 2027 йилги жаҳон чемпионати йўлланмаларига ҳам эга чиқди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА