Покистонда гандбол бўйича U-17 ва U-19 ёш тоифасидаги қизлар жамоалари ўртасида Халқаро гандбол федерацияси (IHF) кубогининг III Марказий Осиё босқичи баҳслари қизғин кечмоқда. Бугун, 25 апрель куни U-19 Ўзбекистон терма жамоаси қизлари ҳам, Ўзбекистон U-17 жамоаси ҳам Тожикистон гандболчи қизлари билан куч синашади.
Кеча U-19 ёш тоифасида ўтган мусобақа юртдошларимиз учун омадли кечди. Терма жамоамиз аъзолари Туркманистон U-19 терма жамоаси билан рўбарў келди. Финал даражасида ўтган ушбу қарама-қаршиликдаги баҳсда Ўзбекистон U-19 терма жамоаси рақибларини 26:18 ҳисобида мағлубиятга учратди. Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси, деб терма жамоамиз аъзоси Сарбиноз Сапарбаева эътироф этилди.


Айтиш лозим, ўтган ўйинлардаги муваффақият ва Туркманистон жамоаси устидан қозонилган ғалаба бугун Тожикистон билан бўладиган учрашувдаги натижадан қатъий назар мамлакатимизнинг 19 ёшгача бўлган гандболчи қизлар терма жамоасини кейинги босқичга олиб чиқди.

Мусобақалар 26 апрелга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА