Ғалла комбайнлари мавсумга шай
Жиззах вилоятининг Арнасой туманида жорий йилда 7100 гектар сувли майдонларда бошоқли дон экинлари парваришланмоқда. Мавсумга келиб табиатнинг нисбатан мўътадил келиши, шунингдек, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши натижасида ҳосилдорлик юқори бўлишига катта умид билдирилмоқда.
Ўзбекистонда ғалла етиштириш ва уни ўз вақтида, йўқотишларсиз йиғиб олиш стратегик аҳамиятга эга йўналишлардан бири ҳисобланади. Расмий аграр амалиётларда таъкидланишича, ўрим-йиғим даврида техник тайёргарлик даражаси ҳосилнинг камида 10-15 фоизгача йўқотилиб кетишининг олдини олишда ҳал қилувчи омил саналади. Шу нуқтаи назардан Арнасой туманида комбайнларни мавсумга шайлаш ишлари тизимли йўлга қўйилган.
– Галдаги энг муҳим вазифаларимиздан бири — бошоқли дон ҳосилини ўз вақтида ва йўқотишларсиз йиғиб олишда иштирок этадиган комбайнларни тўлиқ шай ҳолатга келтириш, – дейди “Ўзагроинспексия”нинг Арнасой тумани бўлими бошлиғи Одил Нуров. – Жорий мавсумда туманда 25 та юқори унумли дон ўриш комбайнлари ишга жалб этилиши режалаштирилган. Шулардан 11 таси “Кейс”, 11 таси “Клаас Доминтор-130”, 2 таси “Вектор-410” ва 1 таси “Лово 4ЛЗ-8В” русумли техникалардир.
Мутахассислар таъкидлашича, бугунги кунда замонавий комбайнлар фақат ҳосилни ўриб-йиғиш воситаси эмас, балки агротехнологик жараённинг асосий бўғини ҳисобланади. Шу боис уларнинг техник ҳолати, созлиги ва хавфсизлик тизимлари алоҳида назоратга олинган.
Тайёргарлик жараёнида туман бўйича 994 миллион сўмлик эҳтиёт қисмлар, шиналар, аккумулятор батареялари, ёнилғи-мойлаш материаллари ва фильтрларга эҳтиёж мавжудлиги аниқланган. Бу эса мавсумни узилишларсиз ўтказиш учун моддий-техник базани мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатади.
Арнасойда 2026 йил ҳосили учун 299 нафар фермер хўжалиги ва ғаллачилик кластери томонидан 7100 гектар майдонда дон етиштирилмоқда. Шартномаларга мувофиқ, давлат мажбуриятлари доирасида 29 минг 580 тонна ғалла топширилиши белгиланган.
– “Ўзагроинспексия” томонидан комбайнларни таъмирлаш, эҳтиёт қисмлардан самарали фойдаланиш ва механизаторлар учун шарт-шароит яратиш масалалари кунлик мониторинг асосида назорат қилиб борилмоқда, – дейди Одил Нуров. – Айниқса, узел ва агрегатларнинг сифатли таъмирланиши, сервис хизматларининг тўлиқ бажарилиши, ёритиш тизимлари ишлаши, ёнғинга қарши воситаларнинг бутлиги ҳамда дон тўкилишининг олдини олиш учун герметизация ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Назорат тадбирлари давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъул ташкилотларга ёзма кўрсатмалар берилган. Шунингдек, мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш ва ўрим-йиғимни самарали ташкил қилиш юзасидан туман ҳокимлигига тегишли тақдимномалар киритилган.
Мутахассислар фикрича, бу каби тизимли ёндашув ғалла ўримини ўз вақтида якунлаш, йўқотишларни камайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Арнасой тажрибаси эса мамлакат аграр секторида техник тайёргарлик маданияти босқичма-босқич мустаҳкамланаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА