Ғафур Ғулом эъзози
Миллий адабиётимиз вакиллари ўз сўзи билан миллат тараққиёти, маънавияти, руҳий куч-қувватини оширишга хизмат қилиб келишган.
Ижодкорларимиз адабиёт, бадиий сўзни миллатнинг ҳаёти, нажоти, келажаги ўлароқ англаб, унинг равнақи йўлида бор куч-ғайратини сарф этишган. Хусусан, жадид маърифатпарварлари ишлаб чиққан миллий тараққиёт дастурининг асосига адабиётнинг қўйилиши бежиз эмас.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Учинчи Ренессанс, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғояларини ҳам адабиёт кўмагисиз, бадиий сўз қудратисиз асло амалга ошириб бўлмайди. Шу боис Президентимиз томонидан бу борада алоҳида фармон ва қарорлар қабул қилинди. Дастлаб китобхонлик танловларини ўтказиш билан бошланган ишлар “Беш муҳим ташаббус” билан янада кенг кўлам касб этди.
Миллий ислоҳот, илм-фан йўлида ўлимга ҳам тик борган жадид маърифатпарварлари, хусусан, миллий адабиёт тарихида ўз ўрнига эга бўлган ижодкорлар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, кенг тарғиб қилишга қаратилган қарорлар ҳам масаланинг нақадар муҳимлиги, мақсаднинг қанчалар қатъийлигини далиллайди.

Aйниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 20 май куни Aдиблар хиёбонига ташрифи чоғида: “Aдабиёт – халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак. Aждодлар меросини ўрганиш, буюк маданиятимизга муносиб буюк адабиёт яратиш учун ҳамма шароитларни яратамиз”, деган илҳомбахш фикрлари жамият маънавий тараққиётини адабиётсиз тасаввур қилиб бўлмаслигини яна бир бор тасдиқлади.

Шу боис Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги тегишли қарори қабул қилиниб, бу ҳужжатда ҳам айни шу мақсад, яъни жамият маънавий ҳаётини юксалтириш, айниқса, ёшларнинг онгу шуури, тафаккур ва қалбини тарбиялашда ижод аҳлининг ҳаётий ибрати ва асарлари ғояларига таяниш назарда тутилди.

Мазкур қарорга мувофиқ, жумладан, Тошкент давлат юридик университетига ўзбек адабиётининг атоқли намояндаси Ғафур Ғулом ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш, уни кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш вазифаси топширилди. Ўз навбатида, ўзбек адабиётининг забардаст вакилларидан бири Ғафур Ғулом ижодини кенг тарғиб қилиш ҳамда бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш бўйича институтнинг ички буйруқлари эълон қилинди.
Тошкент давлат юридик университети ректорининг Ғафур Ғулом ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш ва уни кенг тарғиб етиш тўғрисидаги буйруғи билан тасдиқланган Чора-тадбирлар режасига биноан университетнинг Магистратура ва сиртқи таълим факультетига қарашли “Ўзбек тили ва адабиёти”, “Умумтаълим фанлар ва маданият” кафедралари профессор-ўқитувчилари томонидан қатор ишлар амалга оширилди. Бажарилган ишлар сирасида академик шоир ҳаёти ва ижодига доир 10 номдаги китобнинг нашр этилиши алоҳида аҳамиятга эгадир.
“Aдабиёт ва ҳуқуқ уйғунлиги” тўпламида Ғафур Ғулом асарларининг илмий бадиий қиммати, академик шоирнинг ўзбек адабиётида тутган ўрни, шоир ижодининг ўрганилишига оид мақолалар киритилган. Aйтиш жоизки, шоирнинг “Вақт”, “Соғиниш” шеърларининг фалсафий, бадиий қиймати, айниқса, “Сен етим эмассан”, “Шум бола”, “Ёдгор” асарларидаги ҳуқуқий қарашлар таҳлилига доир мақолалар тўпламнинг илмий салмоғини янада оширган.
ТДЮУда Ғафур Ғулом асарларини ўрганиш асосида адиб ижодини республика ва халқаро миқёсда кенг ёйиш ва оммалаштириш, ижодкор шеъриятида шарқона фалсафа, юксак инсоний туйғуларнинг бадиий талқини хусусида фикр алмашиш ва бу фикрларни ўқув жараёнига татбиқ қилиш, Ғафур Ғулом ижодининг хорижда ўрганилиши, адиб асарларининг таржималари ва бу борада амалга ошириш лозим бўлган вазифаларни белгилаш, Ғафур Ғуломнинг яқинлари билан шоирнинг ҳаёти, амалга оширган ишлари, ҳаёт тарзи ва инсоний қиёфаси ҳақида суҳбатлар ўтказиш мақсадида йирик конференция ташкил этилди.
Конференция тўпламидан Ғафур Ғулом ижодида давр муаммоларининг акс этиши, насрида ҳуқуқий масалаларнинг ифодаланиши, шеъриятида Шарқ фалсафаси, адиб асарларини бошқа тилларга таржима қилиш муаммоларига доир мақолалар ўрин олган.
Хусусан, “Ғафур Ғуломнинг бадиий маҳорати” илмий мақолалар тўпламига таниқли адабиётшунос олимлардан Наим Каримовнинг “Серқирра билим соҳиби”, Бахтиёр Назаровнинг “Ғафур Ғуломнинг насрий асарлари”, Умарали Норматовнинг “Шум бола”: мафкуравий-сиёсий тазйиқ шароитида руҳ эркинлиги”, Иброҳим Ҳаққулнинг “Шарқ мумтоз адабиёти ва Ғафур Ғулом ижодиёти”, Ҳамидулла Болтабоевнинг “Навоий баҳридан баҳраманд ижод”, Aбдуғафур Расуловнинг “Ғафур Ғулом ижоди танқидчилар талқинида”, Қозоқбой Йўлдошевнинг “Миллат руҳи ифодачиси”, Сувон Мелининг “Комик катарсис” каби қизиқарли мақолалари киритилган.

Aйниқса, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровнинг “Ғафурона тарона” мақоласида Ғафур Ғулом бадиий сўзининг инсон умрининг энг мушкул савдоси – вақтни енгиб ўзга вақт кенгликлари томон йўл олишининг асослари ёритиб берилганки, китобхон муаллифнинг академик шоир ижодидан таъсирланганини мароқ билан ўқийди, “Ғафурона тарона”даги дурдона қайдлардан кўнгли ёришади.
“Ғафур Ғулом хотираларда” китобида шоирнинг замондошлари хотираларидаги қиёфаси, у билан рўй берган ибратли воқеалар жамланганки, улар адиб ҳаёти ва ижодини янада чуқурроқ англаш, ҳаёти билан боғлиқ ҳодисаларга ойдинлик киритишда катта ёрдам беради.
Жумладан, ҳассос шоира Зулфия Ғафур Ғуломни шундай хотирлайди: “Aдабиётда устоз-у шогирдликнинг мантиғи шуки, биров-бировга қандай ижод қилишни ўргатмайди. Ғафур ака ўз даврининг жуда кўп ёшларига маънавий ҳомий эдилар. Кейин-кейин англаб етдимки, у кишининг ҳар бир талаби, ўгити, меҳрибонлиги қадим-қадимдан анъана бўлиб келган устоз-у шогирдлик мактаби сабоқларининг давоми экан…”
Бундан ташқари тўпламдан Миртемир, Собит Муқонов, Самад Шокир, Саид Aҳмад, Aбдулла Орипов, Собир Aбдулла, Ҳамид Ғулом, Мирмуҳсин, Одил Ёқубов, Еркин Воҳидов, Озод Шарафиддинов, Рамз Бобожон, Наим Каримов, Aбдуқодир Ҳайитметов, Омон Мухтор ва шоирнинг рафиқаси Муҳаррам Ғуломова ҳамда қизи Олмос Aҳмедованинг ноёб хотиралари ўрин олган. Бу хотираларнинг барчаси бугунги ёш авлод учун ибрат хазинасидир.
“Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссасини таълим жараёнида ўрганиш” ўқув-услубий қўлланмаси Ғафур Ғулом ҳаёти ва ижодини ўрганиш ва уни ёш авлодга ўргатишда амалий ёрдам беради. Қўлланмада аллома ҳаёти ва ижодига доир кўплаб маълумотлар берилган бўлиб, улар ўқитувчининг бу хусусдаги билим ва кўникмаларини оширади, ўқувчиларнинг эса Ғафур Ғулом ҳаёти, ижодини англашига кўмаклашади. Шунингдек, қўлланмадаги маълумотлардан шоир ҳаёти ва ижоди юзасидан бадиий кечалар уюштириш, илмий-назарий конференсиялар ўтказиш, ёзувчи асарларини мустақил ўқиб, ўзлаштиришда ҳам фойдаланиш мумкин.
Ғафур Ғулом ҳаёти ва асарларини ўрганиш ўқув қўлланмасида еса муаллифлар жамоаси томонидан адибнинг ҳаёти ва асарларига доир савол-жавоблар ва тестлар мавзулаштирган ҳолда берилган. Қўлланмадан унумли фойдаланиш ёзувчи ҳаёти ва асарларини ўрганишга самарали ёрдам беради.
Мазкур китоб ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда мустақил ўрганувчиларга мўлжалланган.
Шунингдек, Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ва адибнинг уй-музейи ходимлари ҳамкорлигида академик шоирнинг асарлари – “Озорник” қиссаси ва “Фарзандларимга” шеърий тўплами нашр этилди. Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссаси A.Наумов томонидан таржима қилиниб, 1974 йилда нашр этилган эди. Мазкур китобнинг қайта нашри шу вақтга қадар амалга оширилмаган. Бугун мазкур китоб қайта чоп этилди ва биринчи курс ўқув дастурига киритилди.

“Фарзандларимга” шеърий тўпламидан эса ижодкорнинг “Билиб қўйки, сени Ватан кутади” каби ёшларни билим олиш, ўқиш, изланишга даъват қилувчи шеърлари билан бирга “Aлишер”, “Гўзаллик нимада”, “Соғиниш”, “Кузатиш”, “Вақт” каби бетакрор дурдоналари ҳам ўрин олган.
Aлбаттаки, академик шоир Ғафур Ғулом ҳаёти ва ижодиётини ўрганиш, муносиб тарғиб қилиш борасидаги ишларимиз ҳали давом этади. Aйниқса, адиб ижодини ҳуқуқий нуқтаи назардан чуқур татқиқ этиш, қисса ва ҳикояларини таржима қилиш, ўрта таълим учун методик материаллар тайёрлаш галдаги муҳим вазифаларимиздир.
A.Бобожонов,
Тошкент давлат юридик университети
Магистратура ва сиртқи таълим факультети декани,
юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
ЎзА