G7 Эвиан саммити: Жаҳон сиёсатини ҳамон Ғарб белгилаяптими?
1975 йил нефть инқирози ва молиявий беқарорлик шароитида ташкил этилган “Еттилик” формати ярим аср давомида халқаро сиёсатнинг нуфузли майдони сифатида қабул қилинди. Бинобарин, 2026 йил Франциянинг Эвиан-ле-Бен шаҳрида ўтган навбатдаги саммит глобал воқелик бутунлай ўзгарганини яна бир бор намоён этди. Агар илгари мазкур клуб жаҳон иқтисодиёти ва хавфсизлик манзарасининг асосий қарор қабул қилувчи маркази ҳисобланган бўлса, бугун тобора мураккаблашаётган кўп қутбли муҳитда ўз таъсир доирасини сақлаб қолиш учун янги усуллар изламоқда.
Саммит якунига назар ташланса, Эвианда муҳокама қилинган мавзуларнинг деярли барчаси бир умумий ғоя атрофида бирлашганини кўриш мумкин: иқтисодий хавфсизлик ва геосиёсий барқарорлик. Украина можароси, Эрон билан боғлиқ вазият, стратегик хом ашё ресурслари, сунъий интеллект, таъминот занжири, рақамли маконда болалар хавфсизлиги каби масалалар бир майдонда муҳокама қилиниши тасодиф эмас. Бу ҳолат индустриал давлатлар клуби энди фақат иқтисодий мувофиқлаштирувчи механизм эмас, балки ғарб дунёсининг сиёсий-стратегик платформасига айланаётганини кўрсатади.
Энг муҳим жиҳат шундаки, мазкур тузилма ўз тарихи давомида бир неча бор мазмунан ўзгарган: илк босқичда асосий вазифа валюта курси, инфляция ва энергетика бозоридаги муаммога жавоб топишдан иборат эди. Собиқ иттифоқ парчалангач, кун тартибига хавфсизлик ва ташқи сиёсат масаласи кириб келди. Москва иштирок этган даврда формат G8 кўринишида эди. Қрим воқеаларидан кейин G7 шаклига қайтди. Украина атрофидаги вазият бошлангач эса ушбу майдон ўзини “қадриятлар коалицияси” сифатида намоён эта бошлади.
Бугун G7 қай даражада қудратли?
Сиёсатшунос Сайфиддин Жўраев таҳлилига кўра, расмий баёнот ва сиёсий декларация таъсирчан кўринса-да, рақамлар бошқа манзарани кўрсатмоқда. ХХ аср иккинчи ярмида мазкур давлатлар жаҳон иқтисодиётининг салмоқли қисмига эгалик қилган. Ҳозирги шароитда иқтисодий оғирлик маркази Осиё томон силжимоқда. Харид қобилияти бўйича ҳисобланганда БРИКС+ майдонининг умумий салоҳияти қатор кўрсаткичларда “еттилик”дан юқори баҳоланмоқда. Бу эса халқаро муносабатда мутлақ устунлик даври тугаётганини англатади. Барибир, иқтисодий улуш камайиши сиёсий таъсир ўз-ўзидан йўқолади, дегани эмас. Вашингтон, Париж, Берлин, Лондон, Токио, Оттава ва Рим ҳануз молиявий тизим, технология, мудофаа саноати ҳамда санкция механизми орқали улкан имкониятга эга. Украина бўйича қабул қилинаётган қарорлар, экспорт назорати сиёсати ёки юқори технология соҳасидаги чеклов бунинг яққол исботи.

Шу билан бирга Эвиан учрашуви мазкур клубнинг ички муаммоларини ҳам очиб берди. Айниқса, Америка раҳбариятининг ташқи сиёсатга ёндашуви билан Европа етакчилари қараши ўртасидаги фарқ сақланиб қолмоқда. Савдо тарифи, мудофаа харажатини тақсимлаш, Пекинга нисбатан стратегия каби йўналишларда ягона позиция шакллантириш осон кечмаяпти. Саммитда Украина масаласи бўйича келишувга эришилгани беқиёс дипломатик ютуқ сифатида тақдим этилгани ҳам айнан шу сабаб билан изоҳланади. Агар бирлик табиий ҳолат бўлганида, буни алоҳида таъкидлашга эҳтиёж қолмас эди.
Яна бир муҳим жиҳат – вакиллик муаммоси. Сайёрамизнинг демографик кўпчилиги ушбу формат таркибига кирмайди. Ҳиндистон, Бразилия, Индонезия, Саудия Арабистони, Жанубий Африка Республикаси каби мамлакатлар иштирокисиз иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, миграция ёки ташқи қарз билан боғлиқ муаммони ҳал этиш амалда мумкин эмас. Шу боис Франция раҳбарияти Эвианга бир неча шерик давлатларни таклиф қилди. Бу қадам тасодифий дипломатик хушмуомалалик эмас, балки тор доирадаги клубнинг глобал қонунийлик муаммосига жавоб излаётганидан далолат.
Эътиборли томони, кун тартибида иқтисодий ўсиш эмас, хавфсизлик тушунчаси устувор аҳамият касб этмоқда. Аввалги йилларда эркин савдо ва бозорни либераллаштириш ҳақида кўпроқ сўз юритилган. Бугун эса минерал ресурслар, логистика тармоғи, ярим ўтказгичлар, рақамли инфратузилма, ташқи хатарни камайтириш асосий мақсад сифатида кўрилмоқда. Бошқача айтганда глобаллашувдан геоиқтисодий рақобат босқичига ўтиш жараёни тезлашмоқда.
Бу ўзгаришлар марказида Хитой омили турибди. Ғарб мамлакатлари бир вақтнинг ўзида ҳам ушбу давлат билан ҳамкорлик қилиш, ҳам Чинга қарамликни камайтиришга ҳаракат қилмоқда. Бу вазифани бажариш осон эмас, чунки нодир ер элементлари, литий, графит ва бошқа стратегик хом ашёни қайта ишлаш соҳасида Пекиннинг мавқеи ҳали жуда кучли. Шу сабабли Эвиан саммитида қабул қилинган қарорларнинг аксари айнан таъминот занжирини диверсификация қилишга бағишланди.
Мазкур жараёнда Марказий Осиёнинг аҳамияти ҳам ортмоқда. Табиий ресурслар, транспорт йўлаклари ва географик жойлашув минтақани йирик кучлар диққат марказига айлантирмоқда. Шу нуқтаи назардан Эвиан саммити фақат Европа ёки Шимолий Америка манфаати ҳақидаги йиғилиш эмас, балки Евросиё маконидаги келажак иқтисодий рақобат қоидаси муҳокама қилинган майдон сифатида ҳам аҳамият касб этади.
G7 ва Марказий Осиё: ресурс учун рақобат, транспорт йўлаклари
ва Ўзбекистон олдидаги янги имкониятлар
– Эвиан саммити якуни бир ҳақиқатни яна тасдиқлади: бугунги кунда халқаро сиёсатнинг асосий кураши мафкура эмас, балки ресурс, технология ва логистика йўлаклари атрофида кечмоқда, – дея таъкилайди Жўраев. – Шу нуқтаи назардан Марказий Осиё кейинги ўн йилликда глобал рақобатнинг энг муҳим геоиқтисодий майдонига айланиши мумкин. Бу ҳолат минтақа давлатлари учун ҳам катта имконият, ҳам жиддий масъулиятни англатади.
Сўнгги йилларда АҚШ, Европа Иттифоқи, Хитой, Россия, Ҳиндистон ва Форс кўрфази мамлакатларининг минтақадаги фаоллиги сезиларли даражада ошди. Илгари хавфсизлик ёки терроризмга қарши кураш нуқтаи назаридан қаралган ҳудуд энди стратегик минераллар, транзит инфратузилмаси ва саноат занжирининг муҳим бўғини сифатида баҳоланмоқда.
Айнан шу сабабли Эвианда қабул қилинган қарорларнинг аксари муҳим минераллар мавзуси билан боғлиқ бўлди. Литий, вольфрам, германий, мис, кобальт замонавий иқтисодиётнинг асосий хом ашёсига айланмоқда. Электромобил, қуёш панели, аккумулятор, сунъий интеллект учун зарур ҳисоблаш тизими ҳамда юқори технологияли қурилмалар айнан шу минералларга таянади.
Бугунги воқелик шундан иборатки, мазкур соҳадаги қайта ишлаш қувватларининг катта қисми Хитой ҳудудида жамланган. Ғарб давлатлари эса бу қарамликни қисқартиришга ҳаракат қилмоқда. Шу нуқтада Марказий Осиё табиий ресурсларга бой ҳудуд сифатида алоҳида аҳамият касб эта бошлайди.
Хусусан, Ўзбекистон сўнгги йилларда стратегик аҳамиятга эга қатор конлар аниқланганини маълум қилди ҳамда қазиб олиш билан чекланмасдан, қайта ишлаш босқичини ривожлантиришга қаратилган йирик дастурларни илгари сурмоқда. Бу тенденция мамлакатнинг халқаро иқтисодий аҳамиятини ошираётган асосий омиллардан биридир. Фақат жараёнга соддалаштирилган ёндашув билан қараш хато, чунки глобал кучларга қизиқиш ортиши ҳар доим ҳам маҳаллий иқтисодиёт учун фойда келтирмайди. Ресурсларга бой бўлиб туриб, юқори қўшилган қиймат ярата олмаган давлатлар кўп. Яъни, гап минерални қазиб чиқариш эмас, балки қайта ишлаш, тайёр маҳсулот бериш ва технология занжирининг юқори босқичига кўтарилишда.
Аслида Эвиан саммитидаги муҳокамаларнинг мазмуни ҳам шу ҳақда эди. Ғарб давлатлари хом ашё манбаларига кириш имкониятини кенгайтирмоқчи. Марказий Осиё мамлакатлари эса фақат ресурс етказиб берувчи эмас, балки саноат ҳамкори сифатида иштирок этишдан манфаатдор. Келажакда қайси ёндашув устун келишини вақт кўрсатади.

Минтақамизнинг аҳамиятини ошираётган яна бир омил – транспорт йўлаклари. Сўнгги геосиёсий ўзгаришлар халқаро савдо маршрутларини қайта шакллантирмоқда. Бу жараёнда Транскаспий йўлаги ёки “Ўрта коридор” деб аталувчи йўналишга қизиқиш кескин ортди. Европа билан Осиёни боғловчи мазкур маршрут кўплаб давлатлар учун муқобил логистик ечим сифатида кўрилмоқда. Шу боис Брюссель ҳам, Вашингтон ҳам минтақа инфратузилмасига сармоя киритишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Саммит материалларида қайд этилган C5+1 ва B5+1 платформалари айнан шу стратегик ёндашувнинг бир қисми ҳисобланади. Бу механизмлар орқали минтақа мамлакатларини янги таъминот занжирига жалб қилиш, бизнес алоқаларини кенгайтириш ҳамда иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсад қилинган. Бир қарашда иқтисодий ташаббус бўлиб кўринган бу жараён ортида катта геосиёсий ҳисоб-китоб мавжуд. Зеро, XXI асрда таъминот занжирини назорат қилиш кўпинча ҳарбий қудратдан кам аҳамият касб этмайди.
Муҳим савол: Ўзбекистон қандай йўл тутиши керак?
Саммит таҳлилидан келиб чиқадиган энг муҳим хулоса шуки, мамлакат учун энг мақбул стратегия кўп векторли ташқи сиёсатни сақлаб қолиш. Бир томондан Ғарб билан иқтисодий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш имконияти пайдо бўлмоқда. Иккинчи томондан Хитой минтақанинг йирик иқтисодий шерикларидан бири. Шу билан бирга Россия ҳам Евросиё маконида муҳим ўрин эгаллашда давом этяпти. Бундай шароитда бир марказга қарам бўлиб қолиш эмас, балки барча йўналишлар билан мувозанатли муносабат юритиш миллий манфаатга кўпроқ мос.
Саммит яна бир муҳим тенденцияни намоён қилди: халқаро муносабатлар тизими тобора парчаланаётгандек. Илгари қарорлар асосан бир ёки икки марказ атрофида қабул қилинган. Ҳозир бир вақтнинг ўзида бир неча куч нуқталари шаклланмоқда. G7, БРИКС+, ШҲТ, G20 ва бошқа платформалар ўртасидаги рақобат айнан шу жараён ифодасидир.
Анжуманнинг асосий сабоғи Украина ёки Эрон билан боғлиқ қарорда эмас. Хулоса шуки, халқаро тизим янги босқичга кирди. Ғарб мамлакатлари ҳануз кучли таъсир имкониятига эга бўлса-да, энди якка ҳолда глобал кун тартибини белгилай олмайди. Шунинг учун Эвианда Бразилия, Ҳиндистон, Кения, Корея Республикаси иштирок этди. Бу воқеликнинг ўзиёқ янги давр бошланганини англатади.
Марказий Осиё учун эса ушбу жараён хавф эмас, балки имконият сифатида баҳоланиши мумкин. Агар минтақа мамлакатлари рақобатлашаётган куч марказлари ўртасида мувозанатни сақлай олса, инвестиция, технология ва бозорларга чиқиш имконияти кенгаяди. Акс ҳолда геосиёсий ўйин учун навбатдаги майдонга айланиб қолиш хавфи юзага келади.
“Эвиан-2026” шу жиҳатдан одатий саммит эмас, балки халқаро муносабатдаги янги кучлар мувозанатини намоён этган, Марказий Осиёнинг ортиб бораётган аҳамиятини тасдиқлаган, қолаверса Ўзбекистон олдида турган стратегик вазифаларни яққол кўрсатиб берган сиёсий воқеа сифатида баҳоланиши керак.
Мусулмон Зиё, ЎзА