Гўзаллик саноати намойиши
“Ўзэкспомарказ”да 8 октябрь куни “Beauty Uzbekistan – 2015” халқаро кўргазмаси очилди.
“Ўзэкспомарказ”да 8 октябрь куни “Beauty Uzbekistan – 2015” халқаро кўргазмаси очилди.Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ташкилотлар кўмагида ITE Uzbekistan халқаро кўргазма компанияси томонидан ташкил этилди.
Кўргазманинг очилишида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида босқичма-босқич амалга оширилаётган ва юксак самаралар бераётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида парфюмерия, косметика ва гигиена товарларини мамлакатимизда ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 1 декабрдаги “Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда косметика маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги компанияларни ташкил этиш, мавжуд корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларини кучайтириш ва маҳсулот турини кенгайтириш, соҳада халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда косметика воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган корхоналар тобора кўпайиб бормоқда. Хорижнинг энг машҳур савдо маркалари остида ишлаб чиқарилаётган парфюмерия ва косметика маҳсулотлари ҳам бугун дўконларимиз пештахталарини тўлдириб турибди. Мамлакатимизга четдан кириб келаётган ҳар бир маҳсулот, жумладан, парфюмерия, косметика ва гигиена воситалари жиддий текширувдан ўтказилган ҳолда сертификатлаш асосида сотувга чиқарилиши бу борадаги хавфсизликни таъминлашда муҳим омил бўлаётир.
Анъанавий ўтказиб келинаётган “Beauty Uzbekistan” халқаро кўргазмаси Ўзбекистон гўзаллик саноати салоҳияти ва ютуқларини кенг намойиш этиш, тармоқни янада тараққий эттириш бўйича халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хориж инвестициясини жалб этиш орқали истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай замин яратмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда даволаш косметикасининг табиий усулларига аҳолининг эътиборини кучайтириш, табиий маҳсулотлар асосида яратилган пардоз маҳсулотларини кўпайтириш, соҳа мутахассисларининг ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имконини бермоқда.
Бу галги форумда Ўзбекистон, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Индонезия, Франция, Италия, Греция, Венгрия, Россия, Исроил ва бошқа давлатлардан қирқдан ортиқ компаниялар ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этаётир. Жаҳон гўзаллик саноати мутахассислари ўртасида амалий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим омил бўлаётган ушбу кўргазма соҳанинг етакчи ишлаб чиқарувчилари ва истеъмолчиларини бир майдонга тўплаб, уларнинг ушбу саноат ҳақидаги тасаввурларини янада кенгайтиришга, соҳада ўзаро ахборот ва тажриба алмашишга хизмат қилмоқда.
– “Вeauty Uzbekistan” кўргазмасида мунтазам иштирок этиш асносида мамлакатингизда гўзаллик саноати изчил ривожланаётганига амин бўлдим, – дейди “Inha Gtep” компанияси менежери Жэ Ву Янг (Корея Республикаси). – Кўргазмада пардоз маҳсулотлари ва турли хилдаги кремларни намойиш этяпмиз. Ўзбекистон бозори бизда катта қизиқиш уйғотмоқда, чунки бу ерда чет эллик тадбиркорларнинг муваффақиятли фаолияти учун қулай шарт-шароит яратилган.
Ўзбекистоннинг парфюмерия, косметика ва гигиена маҳсулотлари юксак сифати ва рақобатбардошлиги, халқаро андозаларга тўла мослиги билан харидорларга манзур бўлмоқда. Халқаро кўргазмада фаол иштирок этаётган мамлакатимиз корхоналари бу борадаги улкан салоҳиятини намойиш этган ҳолда турфа хилдаги экспозицияларни – юз териси парвариши бўйича воситалар, пардоз ва парфюмерия маҳсулотлари, соч бўёқлари, шампунь ва бальзамлар, совунлар, кремлар, аксессуар ва тақинчоқлар, гигиеник воситалар, соҳада қўлланиладиган асбоб-ускуналар, махсус кийимлар ҳамда ўз хизматларини таклиф этмоқда. Кўргазмада қатнашаётган истиқболли корхоналар сафида мамлакатимизнинг “AB Form Sistem”, “Bitobi Pro”, “Breeze”, “Ece Cosmetic”, “Fabienne Inter Group”, “Jasmin Fito Pharma”, “Le Asante Cosmetics”, “Luxury Aroma”, “Mountain Herbs”, “Zamona Rano” каби фирма ва компаниялари бор. Улар томонидан намойиш этилаётган маҳсулотлар барчанинг эътиборини тортмоқда.
– 2011 йилда ташкил этилган корхонамиз асалдан, ўрик, бодом каби мевалар, кунжут, зайтун мойлари, турли косметик лой ва доривор гиёҳлардан атир совунлар, косметик мойлар ишлаб чиқаради, – дейди “Le Asante Cosmetics” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Нодира Бегматова. – Корхонамизда маҳсулот тайёрлашда асосий эътибор унинг табиийлигига қаратилмоқда. Терини қуруқлаштирувчи ва аллергия қўзғатувчи моддалардан холи бундай воситаларга эфир ёғлари ёрдамида ишлов берилиши уларнинг шифобахшлигини ошираётир. Улар мамлакатимиз олимлари яратган технологиялар, белгиланган меъёр ва қоидалар асосида тайёрлангани боис анча харидоргир. Айни пайтда олтмишдан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаряпмиз ва уларнинг турини янада кенгайтириш устида иш олиб бормоқдамиз.
Кўргазмада иштирок этаётган Греция, Италия, Франция компаниялари соч ҳамда юз парвариши учун воситалар, бўёқлар, кремлар, Жанубий Корея, Польша, Исроил ишлаб чиқарувчилари турли косметика маҳсулотларини тақдим этмоқда.
– Ҳар йили ўтказилаётган ушбу халқаро кўргазма гўзаллик саноати маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари билан харидорлар ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига, соҳада ўзаро фикр ва тажриба алмашишга хизмат қилмоқда, – дейди “Farcom” компанияси менежери Луиза Шарапова (Греция). – Мазкур анъанавий кўргазмада крем-бўёқлар, шампунь ва бальзамлар каби соч парвариши учун мўлжалланган хилма-хил маҳсулотларни намойиш қиляпмиз. Кўргазмада янги ҳамкорлар топиб, истиқболли шартномалар тузиш ниятидамиз.
Ушбу халқаро кўргазма мамлакатимиз ва жаҳон гўзаллик саноатида қўлга киритилаётган улкан ютуқларни намойиш этиши билан аҳамиятлидир. Бу гўзаллик саноатини янада равнақ топтириш ва соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш баробарида соҳага оид талаб ва таклифларни ўрганиш, мамлакатимизга хориж сармоясини жалб этиш, чет эллик шериклар билан ҳамкорликда истиқболли қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.