Футзалчиларимиз Европа жамоалари билан куч синашди
Футзалчиларимизга катта ўйин амалиётини тақдим этган Европа сафари давомида Ўзбекистон миллий терма жамоа бош мураббийи Хосе Мария Мендеснинг делегация таркибида кўринмаганлиги қатор саволларни юзага келтирди. Хўш, бош мураббий нега терма жамоа билан Европа мусобақаларида қатнашмади?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ФИФА кунлари доирасида 17 ва 19 сентябрь кунлари Будапешт шаҳрида Венгрия терма жамоаси билан, 21 ва 22 сентябрь кунлари эса Амстердам яқинидаги Зейст шаҳрида Нидерландия терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувларида майдонга тушди.

Венгрия терма жамоасига қарши ўтказилган дастлабки учрашувда футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 0:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, иккинчи баҳсда мезбонлар 5:2 ҳисобида ҳамюртларимиздан устунликка эришди.
Шу тариқа, Венгрияга қарши икки учрашувда бир ғалаба ва бир мағлубият қайд этилди.

Амстердам яқинидаги Зейст шаҳрида Нидерландия терма жамоасига қарши кечган иккала учрашувда ҳам ўзбекистонлик футзалчилар Европа вакилларига имкониятни бой берди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳужумлари остида 21 сентябрь куни ўтган ўйинда омад нидерландияликларга кулиб боқди. Улар томонидан киритилган ягона гол учрашув тақдирини ҳал қилди.

Кеча, 22 сентябрь кунги жавоб ўйинининг илк дақиқасида терма жамоамиз аъзолари рақиб дарвозасига тўп киритган бўлса-да, кейинги вазиятларда Нидерландия футзалчилари фаолроқ ҳаракатни амалга ошириши натижасида учрашув 6:3 ҳисобида европаликларнинг ғалабаси билан якунланди.

Айтиш лозимки, футзалчиларимизга катта ўйин амалиётини тақдим этган Европа сафари давомида Ўзбекистон миллий терма жамоа бош мураббийи Хосе Мария Мендеснинг делегация таркибида кўринмаганлиги қатор саволларни юзага келтирди.
Ўзбекистон футзал федерацияси мутасаддиларининг хабарига кўра, Хосе Мария Мендес Тошкентда Ўзбекистон Суперкубок тадбирларида, Жиззахда Олий лига 1-тур баҳсларида иштирок этган. Европа сафарига жалб этиладиган миллий терма жамоаси таркибини шакллантиришда қатнашган.
Бироқ, саломатлиги билан боғлиқ муаммо туфайли дастлаб Ўзбекистонда, кейин Испанияда тиббий текширувлардан ўтиб, тегишли хулосаларни олганидан сўнг Будапештда миллий терма жамоа сафига қўшилиши керак бўлган. ЎФФ томонидан унинг Будапештга бориши учун авиачипта ҳам харид қилинган.
Аммо тиббий текширувлар жараёни кутилганидан-да жиддийроқ эканлиги сабабли у айни пайтда Мадрид шаҳрида даволанишни давом эттираётганлиги ойдинлашди.

Футзалчиларимиз Европа жамоалари билан ўйинларда 1 та ғалаба, 3 та мағлубият қайд этди. Бу натижа у қадар эътиборли кўрсаткич ҳисобланмаса-да терма жамоамиз учун нуфузли мусобақаларга тайёргарликнинг муҳим босқичи вазифасини ўтаганлиги билан аҳамиятлидир.
Т. Рўзиев, ЎзА