Футзал: Олий лиганинг 1-тур учрашувлари тақвими эълон қилинди
Футзал бўйича Олий лигада янги мавсум бошланишига оз қолди. Жамоаларнинг кучи сирли бўлиб қолаётгани илк турдаёқ мухлисларни кескин баҳслар кутаётганидан далолат.
Футзал бўйича Ўзбекистон миллий чемпионати — Олий лига ўйинларининг 1-тур учрашувлари тақвими тасдиқланди.
Унга кўра, янги мавсумнинг дастлабки тур баҳслари 5 сентябрь куни старт олади. Олий лиганинг 1-тур учрашувлари Жиззах вилояти футбол академиясининг спорт залида бўлиб ўтади.

Тақвимга кўра, биринчи турда футзал ишқибозларини бир қатор қизиқарли ва муросасиз учрашувлар кутиб турибди. Мухлислар ҳар куни учтадан баҳс гувоҳига айланишади.

Янги мавсум арафасида аксарият жамоалар таркибида сезиларли ўзгаришлар амалга оширилди. Бир қатор клублар ўз сафини хорижлик маҳоратли футзалчилар билан тўлдирди. Бу клубларнинг кучи ва салоҳиятига олдиндан баҳо бериш қийинлигидан далолат, дейиш мумкин.
Олий лиганинг 1-тур мусобақалари 10 сентябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА