Футзал: Олий лига 11-тур баҳслари давом этмоқда
Қарши шаҳридаги “Геолог” спорт мажмуасида футзал бўйича Ўзбекистон XXIX миллий чемпионати Олий лигасининг 11-тур учрашувлари ўтказилмоқда.
Бугун, 20 апрель куни бўлиб ўтадиган иккинчи кунги баҳсларда Навоийнинг “Қизилқум” жамоаси Тошкентнинг “Локомотив” клуби билан, Жиззахнинг “BMB PFC” жамоаси Фарғонанинг “Нефтчи” клуби билан, Олмалиқнинг ОКМК жамоаси эса “Сурхон” вакиллари билан куч синашади.
Маълумот учун, кеча ўтказилган биринчи кунги ўйинларда “Қизилқум” жамоаси “BMB PFC”га 1:4 ҳисобида имкониятни бой берди. “Нефтчи” ва ОКМК ўртасидаги учрашувда эса 2:2 ҳисобида дуранг қайд этилди.

Жами 12 та жамоа иштирок этаётган 11-тур баҳслари 24 апрелга қадар давом этади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Хосе Мария Мендес терма жамоага муносиб номзодларни саралаб олиш мақсадида Олий лига ўйинларини бевосита Қарши шаҳрида кузатиб бормоқда.
Т. РЎЗИЕВ, ЎзА