Футбол хабарлари
Жаҳон футболида янги мавсум олдидан қизғин жараёнлар давом этмоқда. Саудия Арабистонида янги мавсум баҳслари бошланса, Испания Суперкубогининг манзили ўзгариши маълум қилинди. Шунингдек, Эрлинг Ҳоланднинг навбатдаги рекордлари расман эътироф этилди. Ўзбекистон ОФКнинг икки асосий клуб мусобақасида уч жамоа билан иштирок этади.
Англия Суперкубоги Кардиффда ўтказилади
16 август куни Англиянинг амалдаги чемпиони «Арсенал» ва мамлакат кубоги соҳиби «Манчестер Сити» жамоалари Англия Суперкубоги учун баҳс олиб боради. Янги мавсумнинг илк расмий учрашуви Лондондаги «Уэмбли» стадионида эмас, Кардифф шаҳридаги қарийб 74 минг мухлисга мўлжалланган «Миллениум» аренасида ўтказилади. Учрашув 2006 йилдан буён мазкур стадионда ўтказиладиган биринчи Суперкубок баҳси бўлади.
Саудия Арабистонида янги мавсум бошланди
Саудия Арабистони чемпионатида янги мавсумнинг дастлабки учрашувлари ўтказилди. «Абҳа» «Ал-Ҳазм»га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган бўлса, «Ал-Аҳли» «Ал-Дирияҳ»ни 1:0, «Ал-Қодисия» эса «Ал-Шабоб»ни 3:1 ҳисобида енгди.
Испания Суперкубоги Туркияга кўчирилади
2027 йилги Испания Суперкубоги баҳслари Саудия Арабистонида эмас, Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилади. Турнир 2–7 февраль кунларига белгиланган бўлиб, унда «Барселона», «Реал», «Атлетико» ва «Реал Сосьедад» жамоалари соврин учун кураш олиб боради.
Ҳоланднинг рекордлари Гиннес китобидан жой олди
«Манчестер Сити» ва Норвегия терма жамоаси ҳужумчиси Эрлинг Ҳоландга Гиннес рекордлари китобининг тўртта сертификати топширилди. У Миллатлар лигаси тарихида энг кўп гол урган футболчи, АПЛда 100 та голга энг тез етган футболчи, бир мавсумда энг кўп гол урган футболчи ҳамда Чемпионлар лигасининг бир учрашувида бешта гол урган ягона футболчи сифатида рекорд ўрнатган.
Ўзбекистон ОФК мусобақаларида уч жамоа билан иштирок этади
2026/2027 йилги мавсумда Ўзбекистон клублари Осиё футбол конфедерациясининг икки асосий мусобақасида иштирок этади. «Нефтчи» ва «Пахтакор» Элит Чемпионлар лигасида, «Насаф» эса иккинчи даражали Чемпионлар лигасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади. Қайд этиш жоиз, «Пахтакор» саралаш босқичида Иорданиянинг «Ал-Ҳуссайн» клубини 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, асосий босқич йўлланмасини қўлга киритди. Мусобақалар қуръаси 18 август куни Тошкент вақти билан соат 13:00 да ўтказилади.
«ПСЖ» совринлар бўйича пешқадам
«ПСЖ» 2011 йилдан буён 43 та совринни қўлга киритиб, Европа клублари орасида ушбу кўрсаткич бўйича пешқадамлик қилмоқда. Париж клуби ҳисобида икки мартадан Чемпионлар лигаси ва УЕФА Суперкубоги совринлари ҳам мавжуд. Кейинги ўринларда «Бавария» — 33 та, «Реал» — 29 та соврин билан бормоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА