Футбол хабарлари
-
Хабарингиз бор, айни кунларда Эстонияда U17 Европа чемпионати бўлиб ўтмоқда. Ушбу чемпионатнинг 29 май куни бўлиб ўтадиган Франция ҳамда Дания жамоалари ўртасидаги учрашувни ҳамюртимиз Аскер Нажафалиев бошқариб боради. Ҳакамимизга қанотларда Руслан Серазитдинов (Ўзбекистон), Эраклис Комодромос (Кипр) ёрдам беради.
***
Аргентиналик мураббий Нестор Лоренсо қўл остидаги Колумбия терма жамоаси бир неча кун олдин мундиалда иштирок этадиган футболчилари рўйхатини тақдим этди. Унда 26 нафар футболчи номи келтирилган бўлиб, бир қатор таниқли футболчиларга жой етмай қолди.
Эслатиб ўтамиз, Колумбия “K“ гуруҳида Ўзбекистон, Конго ДР ва Португалия билан рўбарў келади. Улар илк турни 18 июнь куни Ўзбекистонга қарши ўтказади.

***
Келгуси мавсумда Англия Премьер-лигасининг бир йўла тўққизта клуби Европа турнирларида қатнашади.
Бунга сабаб "Кристал Пэлас" ўз тарихидаги илк еврокубок совринини қўлга киритгани бўлди.
Конференциялар ғолибига айланган бу жамоа 2026/2027 йилги мавсум учун Европа лигаси йўлланмасига ҳам эга бўлди. "Бургутлар" Премьер-лигада 15-ўринни эгаллаб, чемпионат орқали еврокубокларга йўлланма ололмаган эди.
2026/2027 йилги мавсумда Чемпионлар лигасида "Арсенал", "Манчестер Сити", "Манчестер Юнайтед", "Астон Вилла" ва "Ливерпуль" жамоалари иштирок этади. Европа лигасида "Борнмут", "Сандерленд" ва "Кристал Пэлас" тўп суради. Конференциялар лигасида эса "Брайтон" клуби ўйнайди.

***
"Нюкасл" жамоасининг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Энтони Гордон "Барселона"га ўтмоқда. Гап шундаки, Англия клуби раҳбарияти ва Саудия Арабистонидан бўлган эгалари каталонияликларнинг расмий таклифини қабул қилган.
"Барселона" Гордон учун 70 миллион евро ва қўшимча бонуслар тўлайди. Умумий сумма 80 млн. евродан ошади. Энтони тиббий кўрикдан ўтиш ва шартнома имзолаш учун шу ҳафта Испанияга йўл олади. Гордон бу мавсум АПЛнинг 26 та ўйинида 6 та гол уриб, 2 та голли узатмани амалга оширган.

***
“Нефтчи” клуби 9 июнь санасидан иккинчи даврага тайёргарлик жараёнларини бошлайди. Режага кўра, йиғиннинг биринчи босқичи 9-24 июнь кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида ташкил этилади.
8 июль куни “Нефтчи” Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида амалдаги мамлакат чемпиони — “Зенит” жамоасига қарши халқаро ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Баҳс замонавий ва муҳташам “Газпром Арена” стадионида бўлиб ўтади ва жамоа ушбу учрашувда меҳмон сифатида иштирок этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА