Футбол: Ўзбекистон аёллар жамоасининг "Лос-Анжелес-2028" йўлланмаси учун курашдаги рақиблари маълум
Футбол бўйича аёллар терма жамоамиз "Лос-Анжелес-2028" Олимпиадаси учун ҳал қилувчи саралашга тайёрланмоқда. Уларни кучли рақиблар билан кескин ўйинлар кутмоқда.
Ҳамюртларимиз Олимпиада йўлланмаси учун кечадиган саралаш мусобақасида Япония, Австралия ва Хитой Тайпейи терма жамоалари билан куч синашади.
2027 йилнинг 19 апрелидан 4 декабрга қадар давом этадиган саралаш мусобақаси гуруҳ баҳсларида ҳар бир терма жамоа 6 тадан ўйинда майдонга тушади. 3 тасини ўз майдонида, қолган 3 тасини сафарда ўтказади.

Дастурга кўра, ҳар икки гуруҳ ғолиби “Лос-Анжелес-2028” Олимпиада ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритади.
Иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар 2028 йилнинг 28 февраль ва 4 март кунлари плей-офф босқичида тўқнаш келади. Ушбу қарама-қаршилик ғолиби Аргентина терма жамоасига қарши қитъалараро саралаш ўйинида баҳс олиб боради.
Т.Рўзиев,
ЎзА