Футбол, футболчи ва ишқибоз...
Спортнинг энг машҳур турларидан бири, шубҳасиз, футбол. Шаҳар, мамлакатни жуда тез танитадиган бу ўйинни бежиз "миллионлар ўйини", дейишмайди. Қизиғи, ютган ҳам, ютқазган ҳам ном чиқаради. Ўзбекистон 35 йил деганда жаҳон футболининг катта саҳнасига чиқди. Умуман, энди бизнинг юртни ҳам дунёда ҳамма билади.
Мухлислар ҳам бор бўлсин: океан ортида, мусобақа бўлиб ўтаётган уч мамлакат шаҳарларида, машҳур футбол майдонларида ўзбекни, Ўзбекистонни намоён этган байроғимиз, турли хил либосларимиз, бой маданий меросимиз, қадрият ва анъаналаримиз жозибасини кўрсата билди.
Футболнинг тарихи, даражаси майдондаги маҳорат усуллари ҳақида мутахассис гапиргани маъқул. Эҳтимол, жисмоний жиҳатдан куч мувозанатида камчилик, хатолар кўзга ташлангандир. Тезкор ҳаракат билан номутаносиблик ҳам эътиборни тортди, деб ўйлайман. Албатта, бу шахсий фикр.
Эътибор берган бўлсангиз, жаҳон чемпионатининг очилиш маросими, ҳар бир иштирокчи давлат байроғи ҳилпираши, тантанали байрам мухлислар қалбини фахр-ифтихорга тўлдирди. Бутун дунё халқлари нигоҳи қадалган майдонда бизнинг мадҳиямиз ҳам янграб, бутун жаҳон бўйлаб таралди. Бошимизни баланд кўтариб, кўнглимиз осмон қадар юксалганини ҳис қилдик, футбол туфайли. Ижтимоий тармоқ Америкада яшаётган ватандошларимиз машиналари оқ-яшил-ҳаворанг байроғимиз билан безалиб, Ўзбекистон номи кенг тарғиб-ташвиқ қилинганини исботлади. Оддий одамлар орасидаги самимият янада ёқимли, дилкаш муносабатларни намоён этди. Дарҳақиқат, спорт эзгу туйғуларни янада жўштиради. Жумладан, футбол ҳам дўстлик, тинчлик элчиси эканлигига шубҳа йўқ.

Халқаро муносабатда ҳам спортнинг ўрни беқиёслигини яқин қўшниларимиз қўллаб-қувватловида кўрдик. Марказий Осиё давлатлари хайрихоҳлиги акс этган хабар-у лавҳалар ҳаммамизга далда берди. Блогерлар, мутахассислар, шарҳловчилар таҳлили улкан байрам мазмунини бойитди.
Ўзбекистон футболи ҳақидаги билдирилаётган илиқ фикрлар мундиал жамоа учун жиддий синов, илк тажриба эканини ифодаламоқда. Ҳар қандай мағлубият музаффарият, ҳар қандай зафар мағлубиятдир, – дейди Жалолиддин Румий ҳазратлари. Илоҳим, ғалабамиз бисёр бўлсин, дея ният қиламиз. Хайрли ният – хайрли оқибат.

Футбол туфайли машҳурликка эришган юртдошимиз Исфандиёрнинг кичик жуссасидаги улкан қалб, жамоамизни болаларча беғубор қўллаб-қувватлаши билан колумбиялик ишқибозлар эътибори, меҳрини ҳам қозонди. Айни ҳолат миллати, дини, касби-кори, қўйинг-ки, ёши-ю тоифасидан қатъи назар, ер юзидаги оддий одамларнинг бир-бирига қайноқ меҳрини яққол намоён этди. Ваҳоланки, бугун дунёда содир бўлаётган урушлар, турли можаролар туфайли сайёрамизнинг қаерларидадир беғубор болалик ер билан яксон қилинмоқда. Гўдаклар фожиа қурбонига айланаётган, келажак авлод тақдири ноаён нуқталарда ўзгалар тақдирини ўйин қилаётган кучлар ҳали-ҳануз бор экан, разолат ва адолат жанги давом этади. Шукурки, улар эмас, Биз – кўпчилик! Бола овози, кулгусидан қувонадиган инсонлар бисёр экан, беғуборлик боқий. Минглаб норасида чинқириғидан эти жимирламайдиган маҳлуқотнинг ёвуз ниятига терс одамият куч-қудрати, матонати, жасорати асло сўнмагай. Зеро, ўзбекистонлик Исфандиёрдек жажжи ишқибоз кўз ёши, унинг миллионлаб тенгқурлари табассуми адолат ва одамийликнинг улкан ойнаси сифатида бутун дунёга намуна бўлаверади.

Ер куррасида ҳали гўдак йиғисидан хавотирланиб, безовталанадиганлар кўплигини футбол сабаб дунё аҳли кўрди. Исфандиёр кўзларидан оққан ёш миллионлаб кирланган кўнгилларни тозалагани ҳам рост.
Спорт – соғлик, тинчлик, бирлик, ҳамжиҳатлик тимсоли. Бу иборани энди ҳеч ким инкор қила олмайди.
Абдуғафур Маматов, ЎзА