Бугун, 11 июнь куни Осиё қитъасида футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати ва 2027 йилги Осиё кубоги қўшма саралаш босқичи доирасида сўнгги, 6-тур ўйинлари ўтказилади. Ушбу турда жаҳон чемпионатининг учинчи босқичига йўл оладиган 18 та жамоа номи аниқ бўлади.
Сўнгги тур арафасида гуруҳдаги вазият ҳақида маълумот берамиз.
Бир қатор турнирларда «A» гуруҳидан жой олиб келаётган Қатар терма жамоаси ушбу саралашда ҳам айнан «А» гуруҳидан ўрин олди. Ҳозирда бу гуруҳда Қатар 13 очко билан яққол пешқадамлик қилмоқда. Унинг ортидан, Ҳиндистон ва Афғонистон 5 очко билан бормоқда. Қувайт эса 4 очко билан сўнгги поғонада қолаётир.
Олтинчи турда Қатар – Ҳиндистон, Қувайт – Афғонистон терма жамоалари ўзаро рақобатлашади. Бу ўйинларда Қатардан ташқари қолган уч терма жамоа навбатдаги босқичга чиқиш имкониятига эга бўлгани боис фақат ғалаба учун майдонга тушади.
«B» гуруҳида эса Япония термаси 15 очко тўплаб, 5-турга кўра юз фоизлик натижа қайд этди. Сурия сўнгги тур олдидан очколарини еттитага етказиб олган бўлса, КХДР 6 очко билан учинчи, Мьянма 1 очко билан тўртинчи ўринда қайд этилмоқда.
Бугунги ўйинларда Сурия ва КХДР термалари учун ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Ушбу жамоалар орасида қайси бири ғалаба қозона олса, учинчи босқич йўлланмасини қўлга киритади. Дарвоқе, 6-турда Япония ўз уйида Сурияни, КХДР эса Мьянмани қабул қилади.
Саралаш баҳсларининг «C» гуруҳида бугун Жанубий Корея – Хитой, Таиланд – Сингапур терма жамоалари баҳсига гувоҳ бўламиз. Ҳозирда кореялик футболчилардан иборат жамоа ҳисобида 13 очко бор. Хитой термасида эса 8 очко мавжуд. Таиланд 5, Сингапур 1 очко билан 3-4 ўринда бормоқда. Бугун Хитой дуранг қайд этса, учинчи босқичга чиқиши аниқ бўлади. Лекин хитойликлар мағлубиятга учраб, Таиланд йирик ҳисобда муваффақиятга эриша олса, гарчи икки жамоада 8 очко бўлиб қолса ҳам Таиланд голлар нисбатига кўра, кейинги босқич иштирокчисига айланди.
«D» гуруҳида 12 очко билан карвонбоши бўлиб турган Ўмон терма жамоаси 6-турда 10 очко жамғарган Қирғизистон билан ўйин ўтказади ва бу ўйин шиддатли ўтиши шубҳасиз. Малайзия эса 7 очко билан учинчи ўринда турган бўлса-да, сўнгги ўйинини бирорта очкоси йўқ Хитой Тайпейига қарши ўтказади. Бу гуруҳда икки фаворитнинг ўзаро ўйини Малайзия термасининг гуруҳдан чиқиш ёки қолиш тақдирини ҳал этади. Аммо Малайзия сўнгги турда йирик ҳисобда ғалаба қозона олсагина, учинчи босқичдан умид қилиши мумкин бўлади.
Биз учун аҳамиятли бўлган «E» гуруҳидаги вазият барчамиз учун кундек равшан. Эрон ва Ўзбекистон ушбу гуруҳда 13 очко билан ҳар иккиси навбатдаги босқичга чиқиб бўлган. Фақатгина икки фаворит жамоа гуруҳ пешқадамлиги учун ўйин ўтказади. Туркманистон ва Ҳонгконг эса ўзаро учинчи ва тўртинчи ўринларга ойдинлик киритади.
Маълумот ўрнида: Теҳронда ўтадиган Эрон ва Ўзбекистон терма жамоалари баҳси Тошкент вақти билан соат 22:00 да старт олади.
«F» гуруҳида ҳам иккинчи ўрин учун кураш давом этмоқда. Сабаби, Ироқ 15 очко билан гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб турибди, Индонезия эса 7 очко билан иккинчи ўринда бораётир. Вьетнам термаси 6 очко билан навбатдаги босқичга чиқиш имкониятини сақлаб келмоқда. Филиппин 1 очко билан охирги ўринда қолган.
6-турда Индонезия ўз уйида Филиппинни меҳмон қилса, Вьетнам сафарда Ироқ билан ўйин ўтказади. Агарда Индонезия ғалаба қозониб, Вьетнам дуранг ёки мағлубиятга учраса, учинчи босқичда индонезиялик футболчиларнинг ўйинига гувоҳ бўламиз.
«G» гуруҳида Саудия Арабистони (13 очко) ва Иордания (10 очко) карвонбошилик қилган ҳолда учинчи босқичга муддатидан аввал чиқиб улгурди. Тожикистон эса 5, Покистон ҳеч қандай очкосиз гуруҳнинг 3-4 ўрнидан ўрин эгаллади. 11 июнь кунги баҳсларда Саудия Арабистони – Иордания, Тожикистон – Покистон терма жамоалари куч синашади.
«H» гуруҳида 5-тур якунларига кўра, БАА 15 очкога эга бўлган бўлса, Баҳрайн 10 очко соҳибига айланди. Яман 4 очко билан учинчи ўринни эгаллаб турибди, Непал эса очкосиз 4-поғонада бормоқда. Бугун БАА ва Баҳрайн, Яман ҳамда Непал расмиятчилик учун ўйин ўтказади.
Иккинчи босқичнинг сўнгги тури олдидан «I» гуруҳида Австралия 15, Фаластин 8, Ливан 3, Бангладеш 1 очкога эга. Бундан кўриниб турибдики, ушбу турдаги Австралия – Фаластин, Ливан – Бангладеш терма жамоалари ўйини ҳам регламент учун бўлиб ўтади.
Шу тариқа, Ўзбекистон, Австралия, БАА, Баҳрайн, Фаластин, Саудия Арабистони, Иордания, Ироқ, Эрон, Ўмон, Жанубий Корея, Япония ва Қатар 2026 йилги жаҳон чемпионатининг учинчи босқичи ва 2027 йилги Осиё кубогига муддатидан аввал йўлланмани қўлга киритиб улгурди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА