Фуқаролик жамияти институтлари фаолияти янада фаоллашади
Бобур номидаги Андижон вилояти Ахборот-кутубхона марказида Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг қонуний кафолатларини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимлиги, адлия бошқармаси масъуллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Азамат Пардаев ва Руслан Собиров вилоятда фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида” ҳамда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлари ижросини ўрганиш якунлари хусусида атрофлича сўз юритди.
Ўрганиш доирасида Олий Мажлис депутатлари “Мингтепа – маданий мерос” жамоат фонди, “Мадад” ННТ ҳуқуқий маслаҳат бюроси ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар жамияти туман бўлинмалари фаолияти билан яқиндан танишди, раҳбарлари билан суҳбатлар ўтказди.
[gallery-29636]
Тадбирда нодавлат нотижорат ташкилотлари мол-мулкини шакллантириш, хорижий грантлар доирасидаги тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш, солиқ имтиёзлари, ҳисоботларнинг маъмурий юкламаси ҳамда ижтимоий буюртмалар ажратилиши каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Баҳс-мунозараларда “Юксалиш” ҳаракати, Карлар ва Ногиронлар жамиятлари, Чернобилчилар ассоциацияси, миллий-маданий марказлар вилоят бўлимлари раҳбарлари томонидан фаолиятда дуч келинаётган турли тўсиқлар, грант ва ижтимоий буюртмалар олишдаги муаммолар ҳамда қонунчиликни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Иштирокчиларнинг таклиф, фикр ва мулоҳазалари умумлаштирилган ҳолда депутатлар томонидан норматив-ҳуқуқий базани яхшилаш, фаолият самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари