“Фуқаролик жамияти ҳафталиги” бошланди
Бугунги кунда жамият тараққиётини фақат давлат идоралари фаолияти билан боғлаб бўлмайди. Унда фуқароларнинг ташаббускорлиги, жамоат ташкилотларининг фаоллиги, оммавий ахборот воситаларининг холис позицияси ва жамоатчилик назоратининг таъсирчанлиги ҳам муҳим ўрин тутади.
Шу маънода, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илгари сурилаётган Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғоясида ҳам кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, халқ билан мулоқотни мустаҳкамлаш, жамоатчилик фикри ва ташаббусларига таяниш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Зеро, фуқаролик жамияти қанчалик фаол бўлса, ислоҳотларнинг ҳаётдаги самараси, жамоатчилик назоратининг таъсири ҳам шунчалик ортади.
Ана шу мақсадлар йўлида Бухоро вилоятида ҳам “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”нинг ҳудудий босқичига старт берилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги ПФ-124-сонли “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида жорий йилнинг 10–27 ноябрь кунлари ўтказиладиган ҳафталикнинг дастлабки тадбири матбуот анжумани шаклида ташкил этилди. Унда республика ва вилоят оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, ҳафталик вилоят ҳокимлиги, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг вилоят бўлинмаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят адлия бошқармаси ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида ўтказилмоқда.
[gallery-32437]
Унинг дастуридан фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини ошириш, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, очиқ мулоқот муҳитини кенгайтириш ва жамоатчилик назорати механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қатор ижтимоий, маърифий ва амалий тадбирлар ўрин олган.
Жумладан, “Ҳамкорликнинг янги имкониятлари” мавзусида фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ вакиллари иштирокида мулоқот, “Коррупция — жамият кушандаси” мавзусида очиқ учрашувлар ташкил этилади. Уларда жамиятда қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашишда жамоатчиликнинг ўрни, фуқаролик назоратининг таъсирчанлигини ошириш масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, “Миллатлараро мулоқот форуми”, “Ўзбекистон — умумий уйимиз” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар, энг яхши деб топилган ижтимоий лойиҳалар тақдимоти ўтказилади. Ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ва хайрия ярмаркаси ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.
Ҳафталик доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва медиа соҳаси вакиллари учун замонавий медиа кўникмаларини шакллантиришга қаратилган амалий тренинг ва маҳорат дарслари ҳам ўтказилади. Якунловчи маросимда йил давомида фаоллик кўрсатган фуқаролик жамияти институтлари тақдирланиб, ҳафталик натижалари сарҳисоб қилинади.
Матбуот анжуманида, шунингдек, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди вилоят бўлинмаси томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан тақдимот ўтказилди. Унда ҳудуддаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни рўёбга чиқариш ва жамоатчилик ташаббусларини рағбатлантириш борасидаги фаолият ҳақида маълумот берилди.
Тадбир якунида журналист ва блогерларнинг саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.
Эътиборлиси, “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” шунчаки тадбирлар мажмуи эмас. У давлат ва жамият ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, аҳоли ташаббусларига кенг йўл очиш, жамоатчилик фикрини қарорлар қабул қилиш жараёнларига яқинлаштириш учун муҳим мулоқот майдонидир. Бундай саъй-ҳаракатлар фуқароларнинг ижтимоий масъулияти ва дахлдорлик туйғусини юксалтириш билан бирга, ислоҳотларнинг халқ манфаатларига хизмат қилишида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (суратлар), ЎзА мухбирлари