“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига 32 йил тўлди
Шу муносабат билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасида давра суҳбати ташкил этилди.
Турли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этган ушбу тадбирда вазирлик ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори Муродбек Отажонов мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар юрт равнақи ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилгани ҳамда бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуни ижросига қаратилган тадбирлар ҳам халқимиз турмуш тарзини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Кейинги йилларда халқимизга яратилаётган шароитлар, айниқса, пенсия тизимида амалга оширилаётган ўзгартишлар ижтимоий ҳимоянинг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Янги ислоҳотлар пенсия таъминотининг шаффофлиги ва адолатли тақсимотини таъминлаш, фуқароларнинг меҳнат стажи ва қилган ҳиссасига қараб муносиб таъминот олишини кафолатлайди. Бу ўзгаришлар нафақат бугунги нафақа олувчилар, балки келажак авлод учун ҳам муносиб шароит яратишда муҳим қадам ҳисобланади.
–Тадбир биз учун ўтган давр ютуқлари сарҳисоби ва келгуси ишларни белгилаб олишда муҳим омил. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг ижтимоий кафолатлари, жумладан, пенсия таъминоти олиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу ҳуқуқни таъминлаш мақсадида 1993 йил 3 сентябрда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Унга кўра, 3 турдаги - ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсияларини тайинлаш, қайта ҳисоблаш ва тўлаш тартиблари белгиланган. Бугунги кунда жами 4,2 миллион нафар пенсия олувчиларнинг 3,5 миллион нафари (83%) ёшга доир, 481 минг нафари (11%) ногиронлик ва 244 минг нафари (6%) боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиб келмоқда. Бу аҳолининг 1 фоизини ташкил этади. Аҳамиятлиси, пенсионерларнинг реал даромадини сақлаб қолиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида пенсия миқдорлари ҳар йили инфляция суръатларидан келиб чиқиб ошириб келиняпти. Шу билан бирга, аҳоли учун қатор қулайлик яратиш мақсадида фаолиятимизда рақамлаштириш жараёнлари тизимли амалга оширилмоқда. Бу жараён уларнинг ўз вақтида нафақасини олишини таъминлашга хизмат қилмоқда, – деди Муродбек Отажонов.
Мутахассилар қайд этганидек, сўнгги йилларда тизимда қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Пенсия тўловлари ўз вақтида амалга оширилиши, пенсияларни нақд ва нақдсиз шаклда олиш имкониятининг яратилиши, пенсионерлар учун жамоат транспорти ва йўловчи поездлардан фойдаланишда қўшимча имтиёзлар берилиши, пенсия миқдорлари минимал истеъмол харажатидан кам бўлмаслиги таъминлангани шулар жумласидандир.
Жамғарманинг ижро этувчи аппарати бўлими бошлиғи Нозимжон Жўраевнинг тақдимотда таъкидлашича, бугунги кунда тизимни рақамлаштириш йўналишида ишлар жадал равишда амалга оширилмоқда. Хусусан, Пенсия жамғармаси орқали кўрсатиладиган 11 турдаги хизмат проактив ва электрон шаклга ўтказилган.
–Жумладан, жорий йилнинг март ойидан ёшга доир пенсиялар, июль ойидан эса ногиронлик пенсияларини тайинлаш фуқароларнинг мурожаатисиз “проактив” шаклга ўтказилди. 2025 йилнинг январь-август ойларида электрон ва проактив хизматлардан фуқаролар 2,2 миллион маротаба фойдаланган. Шу ўринда таъкидлаш керакки, пенсионерлар учун яратилаётган қулайликлар уларнинг турмуш сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда. Жумладан, тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши, коммунал ва транспорт соҳаларида берилаётган имтиёзлар, шунингдек, пенсия тўловларини ўз вақтида ва қулай тарзда олиш имконияти уларнинг кундалик ҳаётини енгиллаштирмоқда. Бундай чора-тадбирлар кексаларнинг ижтимоий ҳимояси мустаҳкамланиши ва муносиб ҳаёт кечириши учун муҳим омил ҳисобланади, – деди Н.Жўраев.
[gallery-25229]
Шунингдек, давра суҳбатида соҳадаги келгуси ишлар ва режалар атрофлича таҳлил қилинди. Унда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 23 сентябрдаги қарорига мувофиқ, давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузилган. Унинг ишига халқаро молиявий ташкилотлар ва хорижий экспертлар ҳам жалб этилиб, таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклифлар янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда инобатга олиниши ва муҳокама қилиниши таъкидланди.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА