Мажбурий ижро бюросининг Андижон вилояти бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан мурожаатлар билан ишлаш, мазкур жараёнда қонунийликни таъминлаш, мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган зарур ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг биринчи чораги давомида Бюронинг Андижон шаҳар бўлимига жисмоний ва юридик шахслардан жами 806 та мурожаат келиб тушган.
–Келиб тушган мурожаатларнинг 675 таси белгиланган тартиблар асосида кўриб чиқилди, – дейди Бюронинг Андижон шаҳар бўлими давлат ижрочиси Нодирабегим Насибуллаева. – Мурожаатларнинг 263 таси қаноатлантирилган бўлса, 462 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар соҳалар бўйича таҳлил этилганида, уларнинг 282 таси алимент, 363 таси қарз ва зарарни ундириш, 2 таси ноқонуний қурилмани буздириш, 9 таси хорижга чиқиш ҳуқуқларини вақтинча чеклашни бекор қилиш ва 61 таси бошқа масалаларни ташкил этган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида 213 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг фойдасига 2,4 миллиард сўм миқдорида маблағ ундириб берилган.
МИБ Андижон вилояти бошқармаси, туман, шаҳар бўлимлари томонидан мурожаатчиларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган юқоридаги каби ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда.
Ф. Убайдуллаев, ЎзА мухбири