Фуқаролар манфаати – адолат мезони
Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг устувор вазифаларидан ҳисобланади. Инсон манфаати устувор бўлган жойдагина адолат қарор топади.
Шу мақсадда Қашқадарё вилояти суди ташаббуси билан вилоят суди раиси, вилоят прокурори ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти иштирокида ўқув-семинар ўтказилди. Унда суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолиятида учраётган камчиликларни бартараф этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда идоралараро ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Семинарда қонун устуворлигини таъминлаш, тергов жараёнида хатоларнинг олдини олиш, далиллар мақбуллигига оид қонун нормаларини тўғри қўллаш юзасидан амалий тавсиялар берилди.

Таъкидланганидек, асосий мақсад фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, тергов сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда мавжуд муаммоларга ечим топишдан иборат.

Сўзга чиққанлар идоралараро ҳамкорликни кучайтириш, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш ва аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш бугунги кун талаби эканини қайд этди. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири тургани алоҳида таъкидланди.

Семинар якунида тергов органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, қонунийликни таъминлаш ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири