Фуқаро хавфли жиноятчини қўлга олишда кўмаклашди (+видео)
Бугун ички ишлар органлари нафақат тартиб посбони, балки халқнинг чинакам кўмакчиси ва яқин маслаҳатчисига, тизим эса янада халқчил тузилмага айланиб бормоқда. Амалга оширилаётган очиқлик ва шаффофлик тамойиллари ички ишлар органлари ходимлари ва олийжаноб халқимиз ўртасида мустаҳкам ишонч кўпригини яратмоқда. Энг муҳими юртдошларимиз жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда шунчаки кузатувчи эмас, балки соҳа ходимларининг яқин ва фаол ҳамкори сифатида ўз фуқаролик позицияларини намойиш этмоқда.
Жорий йилнинг 23 апрель куни соат тахминан 09:30.ларда Навоий вилояти Кармана тумани Каловат маҳалласи ҳудудида номаълум шахс ошхона пичоғи билан қуролланган ҳолда ҳудуддаги хонадонлардан бирига ғайриқонуний равишда кириб, ҳовли эгаларининг бирига тан жароҳати етказиб, ўлдириш билан таҳдид қилади. Шундан сўнг, жабрланувчига тегишли бўлган тилла тақинчоқларни босқинчилик йўли билан қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинади.

Мазкур воқеадан хабар топган вилоят ИИБ ходимлари томонидан дарҳол кенг кўламли тезкор-қидирув тадбирлари бошлаб юборилиб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Ҳар бир из, ҳар бир далил синчиклаб ўрганилди. Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида мазкур жиноятни 1969 йилда Конимех туманида туғилган, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми ва 169-моддаси 4-қисми билан судланган М. Ў. томонидан содир этилганлиги гумон қилиниб, унга нисбатан қидирув эълон қилинди.

Кўп ўтмай, олиб борилган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини беради ва 25 апрель куни соат тахминан 16:00.ларда Навбаҳор тумани Навкар маҳалласида яшовчи 23 ёшли фуқаро Суҳроб Музаффаровнинг фуқаролик бурчига виждонан ёндашиб, кўрсатган жонбозлиги натижасида ўта хавфли рецидивист далилий ашёлар билан қўлга олинди. Илгари ҳам бир неча бор қонунни бузиб, хулоса чиқармаган шахснинг қўлга олинишида айнан Суҳроб Музаффаровнинг ҳушёрлиги ҳал қилувчи роль ўйнади. Натижада эса яна бир мудҳиш жиноятнинг олди олинди.
– Навоий шаҳридан Навбаҳор туманига ўз яшаш уйимга қайтаётган вақтимда йўл чеккасида турган одамни машинамга миндирдим, – дейди Суҳроб Музаффаров. – Телефонимда икки соатларча олдин рельсда уни кўргандим. Унинг жиноят қилиб, қидирувда эканлигини сездим. Дарҳол 102 рақамига қўнғироқ қилдим. Фойдам текканидан хурсандман.

Эътиборлиси, ушбу жараёнда Суҳроб сингари бошқа фуқароларнинг ҳам фаол иштироки, уларнинг ён-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан бефарқ эмасликлари яна бир бор ўз сўзини айтди. Айнан шундай ҳамжиҳатлик ва фуқаролик масъулияти жиноятчиликка қарши курашда энг катта кучдир.
Шу муносабат билан фуқаро Суҳроб Музаффаровга жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, довюраклиги, фаол фуқаролик позициясини намоён этганлиги учун вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари томонидан ташаккурнома ҳамда ваъда қилинган 10 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти тантанали равишда топширилди.

Бу воқеа шунчаки жиноятчининг қўлга олиниши эмас, балки ўзаро жипслик ва ён-атрофдаги воқеа ҳодисаларга бўлган юксак эътибор ва ҳушёрликнинг ғалабасидир.
Зеро, жамият хавфсизлигини таъминлаш ва хавфсиз муҳитни яратиш фақатгина масъул идораларнинг вазифаси эмас, балки шу юртда яшаётган, ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир. Осойишталик бор жойда барака бўлади, жипслик ва ҳушёрлик бор жойда эса жиноят ва ҳуқуқбузарликларга ўрин қолмайди.
Мақола Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.
<iframe width="" height="791" src="https://www.youtube.com/embed/w-tlRTDZHS4" title="Fuqaro xavfli jinoyatchini qo‘lga olishda ko‘maklashdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, ЎзА мухбири