Фуқаро ва тадбиркорлар учун судга мурожаат қилиш енгиллаштирилади
Қонунчилик палатасининг мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексини тасдиқлашга оид қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Лойиҳада фуқаро ва тадбиркорлар учун судга мурожаат қилишни енгиллаштириш, даъво турларини аниқ белгилаш, жамоавий даъво институтини жорий этишга қаратилган нормалар белгиланмоқда.
Мазкур лойиҳа бўйича Олий суд раиси ўринбосари Ш.Полвонов батафсил маълумот берди:
— Давлат органлари фаолияти устидан суд назоратини ўрнатишда маъмурий судлар муҳим ўрин тутиб, аҳолининг уларга бўлган ишончи йил сайин ортиб бормоқда. 2017-2026 йиллар давомида маъмурий судларда 150 мингга яқин иш кўриб чиқилган. Уларнинг 55 фоиз қисмида фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланган.
Бугунги кунда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда тўпланган амалий тажриба амалдаги Кодексни замон талабларига мослаштириш, фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштириш заруриятини юзага келтирмоқда. Шу мақсадда ишлаб чиқилган ушбу лойиҳа билан, аввало, фуқаро ва тадбиркорлар учун судга мурожаат қилиш анча енгиллаштирилмоқда. Яъни, аризадаги формал камчиликлар учун ариза қайтарилмайди. Аксинча, суд аризачига камчиликларни бартараф этиш ва ариза талабини тўғри шакллантиришда кўмаклашади. Агар ариза янглишиб бошқа ҳудуддаги судга топширилса, суд уни қайтармасдан, “Ягона дарча” тамойили асосида тегишли судга ўзи ўтказади.
[gallery-32205]
Энг муҳим янгиликлардан бири – фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақлиги презумпцияси кенгайтирилмоқда. Яъни, давлат органи қабул қилган қарори қонуний ва асосли эканлигини, қўлланилган жарима ёки бошқа чора қилмишга мутаносиб эканини ўзи исботлаши шарт бўлади. Суд эса ишни фақат расмий жиҳатдан эмас, балки қўлланган чора қонунда кўзланган мақсадга мос ва етарли эканлиги нуқтаи назаридан ҳам текширади.
Шу билан бирга, бузилган ҳуқуқни тезкор тиклаш учун 4 турдаги даъво институти жорий этилиб, уларни беришнинг аниқ муддатлари белгиланмоқда. Бундан ташқари, маъмурий орган қарори билан бир гуруҳ шахслар ҳуқуқлари бузилган ҳолларда 20 нафар ва ундан ортиқ шахс биргаликда жамоавий даъво бериши мумкин бўлади.
Савдо-саноат палатасига эса гарчи у биринчи инстанция судида иштирок этмаган тақдирда ҳам, тадбиркор манфаатида суд қарори устидан юқори инстанцияга тўғридан-тўғри шикоят киритиш ҳуқуқи берилмоқда, — деди Олий суд раиси ўринбосари.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасида давлат органларида қонунийликни таъминлаш мақсадида суд мансабдор шахслар фаолиятида коррупция аломатларини аниқласа, материалларни ваколатли органларга юбориши белгиланмоқда. Суд қарорлари ижроси учун масъулият ҳам кучайтирилмоқда. Мансабдор шахсга жарима қўлланилганидан кейин ҳам қарор такроран ижро этилмаса, судга жиноят иши қўзғатиш учун прокурорга хабар бериш ваколати берилмоқда.
Шу билан бирга, эндиликда фуқаро ва тадбиркорлар ҳокимликларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари устидан ҳам маъмурий судга шикоят қилиши мумкин бўлади. Бундай шикоятлар вилоят даражасидаги судларда судьялар ҳайъати томонидан прокурор иштирокида кўрилади.
Муҳокамаларда депутатлар лойиҳадаги нормалар бўйича бир қатор саволларни ўртага ташлади ва масъуллар томонидан тегишли жавоблар қайтарилди, тушунтиришлар берилди. Ҳар бир нормани ишлаб чиқишда амалиёт ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб ёндашилгани, улар сайловчиларнинг манфаатларига хизмат қилиши таъкидланди.
Кўзда тутилган нормалар фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқларининг самарали суд ҳимоясини таъминлаш, давлат органлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда аҳолининг маъмурий судларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланиб, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА