Фуқаро фойдасига 500 миллион сўмлик қарз ундириб берилди
Фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳамда суд ҳужжатларининг ижросини сўзсиз таъминлаш борасида олиб борилаётган амалий ишлар доирасида яна бир ижро иши самарали якунланди.
Бюронинг Олмазор туман бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг ҳужжати келиб тушган.
Мазкур суд ҳужжатига асосан қарздор Д.А.дан ундирувчи К.И. фойдасига 500 миллион сўм миқдорида қарздорликни ундириш белгиланган бўлиб, ижро ҳужжати келиб тушган куннинг ўзида ижро иши юритиш қўзғатилган.
Ижро ҳаракатлари жараёнида қарздорнинг молиявий ва мулкий ҳолати атрофлича ўрганилиб, унинг номидаги мол-мулк ва автотранспорт воситаларини аниқлаш мақсадида тегишли ваколатли органларга сўровлар юборилди.
Олинган маълумотлар асосида қарздорга тегишли кўчмас мулк объектлари ҳамда автотранспорт воситалари аниқланиб, уларни тасарруф этишга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда тақиқ чоралари қўлланилди.
Кўрилган ҳуқуқий ва амалий чоралар ўз самарасини берди. Натижада қарздор Д.А. томонидан ундирувчи К.И. фойдасига 500 миллион сўм қарздорлик тўлиқ ундириб берилди.
Ундирувчи қарздорлик тўлиқ қопланганини тасдиқлаб, тегишли тартибда тилхат берганидан сўнг ижро ҳужжати Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 40-1-моддасига асосан тамомланди.
Эътиборлиси, ушбу натижа байрам арафасида фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, адолатни қарор топтириш ва суд ҳужжатларининг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Зеро, ижро — бу шунчаки рақам эмас. Бу қонун устуворлиги, адолат ва инсоннинг бузилган ҳуқуқи тикланганини англатади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА